Мономарказ билан ҳамкорлик
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ички ишлар ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Унга биноан, ИИВ Ҳарбий тузилмаларининг фаолиятини таъминлаш базаси осойишталик посбонларининг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ҳамда касбий қизиқиш ва лаёқатларини ошириш мақсадида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган «Ишга марҳамат» мономаркази билан ҳамкорликда тадбир ташкил этилди.
Тадбирда ушбу марказ директори ўринбосари Муҳаммадали Мавлянов томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига мавжуд иш ўринлари ҳамда касбга йўналтириш бўйича турли ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Она Ватанимиз ҳимоячиларининг турмуш ўртоқларида тикувчилик, ошпазлик, косметолог, қандолатчи, аёллар сартароши, ёш болалар учун энага ва тарбиячи ёрдамчиси каби касблар катта қизиқиш уйғотди. Ҳарбий хизматчилар эса пайвандчилик, маиший техникаларни таъмирлаш, сантехник-чилангар ҳамда электр устаси каби йўналишлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди. Натижада мавжуд ўқув курсларида ўқишга ва касбларни ўзлаштиришга иштиёқи баланд бўлган осойишталик посбонлари оила аъзоларининг рўйхатлари шакллантирилди.
Масъуд ТОШПЎЛАТОВ, капитан.