17 декабрь 2022 421

Муддатидан илгари шартли равишда

Чилонзор тумани ИИОФМБ Пробация бўлими томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди раисининг ўринбосари Акмал Мирзахонов, судьялар Фарҳод Эргашев, Жаъфар Қурбонов, Сарвар Мамадиев ва Ўктам Қаҳҳоров, бўлим ходимлари ҳамда 120 нафар рўйхатда турган шахслар иштирок этишди.

Тадбир давомида судьялар жазо ўтаётган назорат остидагилар билан яккама-якка суҳбатлашишди. Тузалиш йўлига қатъий ўтган, пробация хизмати тартиб-қоидаларига амал қилиб, шунингдек, яшаш ва иш жойларидан ижобий тавсифланган 27 нафар шахс ўталмаган жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

- Нафсга берилиб адашдим, - дейди Г. Абдуллаева. - Фирибгарлик жиноятини содир этганим учун менга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди. Бугун эса суд томонидан жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод этиш ажрими чиқарилди. Бунинг учун, аввало, Президентимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Бир нафар фарзандим бор. Бундан бу ёғига ўзимга тўғри хулоса чиқариб, ҳалол меҳнатим билан халқимга фойдам тегадиган инсон бўлиб яшамоқчиман.

- Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, - дейди муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган Д.Шаильясов. - Пробация ходимларининг ёрдами билан ишга жойлашдим. Бугун яна бир хурсандчилик бўлди. Менга имконият берилди. Жазодан муддатидан олдин озод этилдим. Энди бу ишончни оқлаш ҳамда бир нафар фарзандимнинг келажаги учун сидқидилдан меҳнат қиламан.

Сайёр суд мажлиси давомида судьялар томонидан келгусида жазо ўташ қоидаларига амал қилиш, қайта жиноятга қўл урмаслик юзасидан маърузалар қилинди. Суд мажлиси якунида эса назорат остидаги шахсларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Тошкент шаҳри.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага