16 сентябрь 2022 528

Муҳим масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ИИВ делегацияси жорий йилнинг 8 сентябрь куни Қирғиз Республикасининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон, Арманистон Республикалари, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлари ҳамда МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси директори қатнашган Кенгаш йиғилишда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича давлатлараро дастурларни амалга оширишда МДҲ давлатлари ички ишлар вазирликлари ва полицияси ўртасидаги трансмиллий жиноятлар, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ва кибержиноятларга қарши кураш борасида кенгаш доирасида ҳамда икки томонлама амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.

Ўзаро дўстона ва конструктив руҳда ўтган йиғилиш якунида МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши баённомаси, МДҲга аъзо давлатлар миллий қонунчилигига мувофиқ блокировка қилиниши шарт бўлган интернет ресурсларининг ягона реестрини яратиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларини ноқонуний тарқатишга қарши курашиш, шунингдек, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар фуқаролари томонидан жиноий ва бошқа жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида фуқароликни ўзгартириш институтидан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар ва бошқа бир неча муҳим масалалар юзасидан қатор ҳужжатлар имзоланди.

Учрашув якунида сўзга чиққанлар, мазкур форматдаги учрашувлар идоралар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида маълум қилиб, мазкур йиғилишга Қирғиз Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан пухта тайёргарлик кўрилганлигини ва йиғилишнинг муваффақиятли ўтказилиши борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳоладилар.

Ўз мухбиримиз.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага