14 сентябрь 2021 4890

Наманганда Экополиция ташкил этилмоқда

Президентимиз Ш.М. Мирзиёев раислигида август ойида ўтказилган йиғилишда экология соҳасида қўлланиладиган жарималар миқдори 5 баравар, етказилган зарар учун компенсация миқдори 2 бараварга оширилишини давлат раҳбари алоҳида таъкидлаб, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилишини маълум қилган эди. Экология полициясининг зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилади.

Ушбу полиция ички ишлар тизимида хизмат олиб боради, унинг фаолияти ўзи аниқлаган ҳуқуқбузарликлардан ундирилган жарималар ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. янги тизимни йил якунига қадар йўлга қўйиш режалаштирилган.

Наманганда ҳам экология билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва камчилик ҳамда қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХБ ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида шаҳар бўйлаб назорат рейд тадбирлари ўтказилди.

Рейд давомида канал ва ҳовузлар атрофига маиший ҳамда қаттиқ жисмли чиқиндиларни ташлаб кетаётган 25 нафар фуқароларга огоҳлантиришлар берилиб, келгусида ҳам шу каби ҳолат содир этишса жаримага тортилишлари мумкинлиги тушунтирилди.

Шунингдек, ходимлар фуқароларга жамоат жойларида тозалик ва озодаликка риоя этишларини, атроф муҳитни чиқиндилар билан тўлдириш эмас улардан тозалашда фаол бўлишларини таъкидлашди. Қаерда ноқонуний дарахт ва бошқа ўсимлик, ёки ҳайвонларни нобуд қилишга уриниш ҳолатлари кузатилса бу ҳақда дарҳол тегишли идораларга хабар бериш лозимлиги тушунтирилди.

Экология ва ППХ ходимлари томонидан жойларда атроф муҳит озодалигига қаратилган рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага