Одам савдоси билан шуғулланаётган шахс қўлга олинди
Жорий йилнинг 16 май куни Андижон вилояти ИИБ Транспортда ХТБ бошлиғи номига 1997 й.т. Андижон вилояти Андижон шаҳар Махжурий кўчасида яшовчи, М.М. ариза билан мурожаат қилиб, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани «Янгичек» маҳалласида яшовчи «С» исмли аёл ноқонуний равишда Туркия давлатига ёш қиз ва жувонларни ўзи билан олиб бориб фоҳишалик қилиш орқали кўп миқдорда пул топишга, уй жой ҳамда мижозлар билан таъминлашга қизиқтириб, бошқа шахсларга сотиб юбораётганлигини маълум қилган ва ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Шу йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда ХТББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари ҳамда Андижон вилояти ИИБ ТХТБ ЖҚБ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида «С» исмли аёл ушбу куни соат 07:40ларда «Тошкент-Истанбул» йўналишидаги Туркия давлатига кетиш мақсадида фуқаро М.М. билан бирга самолётга чиқиш учун рўйхатдан ўтган вақтида ушланиб, шахси суриштирилганида, 2001 й.т. Андижон вилояти Жалақудуқ тумани «Янгичек» маҳалласида яшовчи М.С. эканлиги, унинг ёнлари икки нафар холислар иштирокида қўл сумкаси кўздан кечирилганида 1 дона G7 Samsung телефони, 1 дона А-213 Samsung телефони, 1 дона М.М. номига расмийлаштирилган чипта, 3 дона «Тошкент-Истанбул» йўналиши бўйича аэропортдан рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги ўриндиқлар варақаси, 3 дона фуқаро М.М., ўзига ҳамда фарзандига тегишли бўлган чет элга чиқиш паспорти, фуқаролик паспорти, фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, «Covid-19» таҳлил маълумотлари борлиги аниқланиб, келгусида ушбу ҳужжатлар далилий ашё бўлишини инобатга олиниб тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти