26 сентябрь 2022 345

Ёрдам бера оламан, деди, бироқ бу ростми ё ёлғон?

Содда инсонларни алдаш эвазига мўмай пулга эга бўламан деб ният қилган фирибгарлар ҳар қандай йўлни тутиши ҳеч гапмас. Уларнинг «тўр»ига тушганлар эса ўз қўллари билан фирибгарларга йиғиб-терганларини топширадилар. Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант М. Собиров сўзлаб берган жиноят ишида худди шундай ҳолат бўлган экан.

35 ёшли Анвар аввалги қилмишларидан тўғри хулоса қилмади, яна қинғир йўлни танлади. Бир режани тузиб, унда ўзига ҳокимлик вакили ролини ажратди. Одамлар билан суҳбатлашганда, ўзини бўлим бошлиғи деб таништирар, уй-жой учун субсидия олишда ёрдам бера олишини айтиб ўтарди. Нима бўлдию, унинг ҳақида 54 ёшли Мунирага Шоҳида исмли аёл гапириб берди, у ҳам қачонлардир унга ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Шоҳиданинг ўзи унинг ёрдамидан воз кечган бўлсада, телефон рақамини сақлаб қўйган экан. 54 ёшли Муниранинг яшаш шароитини кўриб, унга қўнғироқ қилишни таклиф қилди. Мунирани қандай ишга бошлаганини билганда эди Шоҳида!

Мунира телефон рақами эгаси билан қўнғироқлашиб, уй масаласи билан боғлиқ муаммоларини батафсил тушунтирди, Анвар эса танишиши лозим бўлган ҳужжатларни олиб келишини айтди. Учрашув вақтини келишиб олиб, хайрлашишди. Эртаси куни белгиланган вақт ва жойда Мунира Анвар билан учрашди. У керакли ҳамма ҳужжатларни олиб келган эди. Муниранинг ҳамкасби Ўғилой ҳам келганди, ўзи билан «ҳокимият вакилига» кўрсатиш мақсадида ҳужжатларини олиб келган эди. Анвар ҳужжатларни узоқ вақт ўрганиб, айрим жойларига эътиборини кучайтирди, дафтарчасига бир нималарни ёзиб олди, вақти-вақти билан икки холага қошлари орасидан маъноли қараб, бошини аста силкитиб қўярди. Аёллар жим бўлиб қолишди, «ҳокимият ходимининг» жиддий кўриниши уларни довдиратиб қўйди. Унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини диққат билан кузата бошлашди. Ҳужжатларни йиғгач, уларни эгаларига узата туриб, деди: «Хўш холажонлар, энди субсидия олиш учун ариза ёзишингиз керак бўлади. Лекин бу осон иш эмас. Сизларга ёрдам бериш қўлимдан келади, бироқ бу сизларга 300.000 сўмга тушади. Сиз ўйламанг бу пулларни мени олади деб, уларни ҳокимиятдаги одамларга бераман». Аёллар рози бўлишди, шу тариқа уларнинг ҳар бирини янги квартира билан боғлиқ орзуси ушалаётган эдида. Вақт ўтиб, Анвар қўнғироқ қилди ва яна пул кераклигини айтди, улар субсидия ажратиш учун банкнинг масъул ходимига берилиши лозим экан. Ҳар сафар масала ечими учун кимгадир пул бериш керак эди. Вақт ўтиб борарди, лекин масала ўз ечимини ҳамон топмаганди. Анвар ҳар сафар турли гаплар, сабаблар билан вақтни чўзиб юрди. Бошқалар учун берилажак пуллар баҳонасида бир неча ой мобайнида Анвар Мунирадан 12.000.000 сўм, Ўғилойдан эса - 22.316.000 сўм миқдоридаги пулларни олишга муваффақ бўлди. Бироқ қанча уринмасин, ҳамма нарсанинг якуни бўлади. Ёлғон ваъдалардан чарчаган жабрланувчи аёллар ҳокимият томон йўл олдилар ва у ерда бундай ходим умуман йўқлигини билдилар. Аёллар ариза билан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга мурожаат қилишди. 35 ёшли Анварга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-модда, 3-қисми (фирибгарлик) билан жиноий иш қўзғатилди.

Ҳурматли фуқаролар! Фирибгарларнинг ёлғонларига қурбон бўлмаслик учун арзонлаштирилган уй-жой ва субсидия олиш билан боғлиқ масалалар бўйича туман ҳокимликларига мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага