"Olx .uz"да сохта «Дача» фирибгарлиги. Эҳтиёт бўлинг!
Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Р.А. ариза билан мурожаат қилиб, “Olx .uz” сайтида кунлик «Дача Чимган» номли эълон бўйича номаълум шахс билан телеграм мессенжери орқали гаплашиб, ҳовлини ижарага олиш мақсадида олдиндан тўлов сифатида унга 700.000 сўм пулларни ўтказиб берганлигини, кўрсатилган манзилга борганида номаълум шахс у билан алоқани узиб, телефон рақамларини блоклаб қўйганлигини маълум қилиб, пулларини қайтарилишида амалий ёрдам сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, фирибгарлик қилиб пулларни ўзлаштирган шахс, Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида яшовчи 1999 й.т., Д.Ф. эканлиги аниқланган.
Д.Ф. фирибгарлик йўли билан бошқа бир нечта фуқароларни ҳам алдаб, пулларни ўзлаштирганлиги ва шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги маълум бўлди.
Д.Ф. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
ИИВ Киберхавфсизлик маркази