4 июнь 2021 4381

"olx.uz" сайтида ижарага хонадон изловчиларни пулларини ўзлаштирган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Ҳаммамизга маълумки, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ташкилотлари ва муассасаларида ишлайдиган ходимларнинг бир қанчаси вилоятлардан кўчиб келиб, ота-онасидан узоқда, элим-юртим деб меҳнат фаолиятини олиб боради. 

Давлат манфаатлари йўлида хизмат қилаётган ушбу меҳнаткаш инсонлар пойтахтга келган дастлабки кунларидан ўзи ва оиласи яшаши учун муносиб шароитларга эга, ҳар тугул арзон нархдаги хонадонни ижарага олишни истайдилар. Бунинг учун улар ижарага уй топиш анча осон бўлган “olx.uz” платформасидан фойдаланадилар.

Бироқ, орамизда шундай инсонлар борки, улар турли ноқонуний йўлар билан бойлик орттириш мақсадида, туғилиб ўсган шаҳар-қишлоғидан, ота-онаси, қариндошларидан узоқда юрган ватанпарвар фуқароларимизни алдаб, арзон ва сифатли уй-жойларни ижарага беришни ваъда қилиб, уларнинг пешона тери билан топаётган, мисқоллаб йиғаётган маблағларини талон-тарож қилмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, бир неча йилдан буён юқорида кўрсатилган жиноий ҳаракатларни амалга ошириб келаётган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

2021 йилнинг 1 июнь куни фуқаро А.А.Х. ўзининг жиноий фаолиятини давом эттираётган пайтда қўлга олиниб, унинг ёнидан бир дона совуқ қурол, жабрдийда фуқаролардан ўғирланган банк пластик карталари ва мобил алоқа компанияларининг бир нечта сим карталари ашёвий далил сифатида олинди.

Аниқланишича, фуқаро А.А.Х. ёш бўлишига қарамасдан енгил пул топиш, осон яшаб, ўзгалар ҳисобидан кун кечиришга муккасидан кетади, қаровсиз, тайинли яшаш жойига эга бўлмасдан, кўнгилхушликлар ва шоҳона яшаш учун ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган йўлни ўйлаб топади. 

У интернетдаги olx.uz сайти орқали пойтахтимиз марказида жойлашган хонадонлардан бирини ижарага бераман, деб эълон саҳифасига эълон жойлаштиради. Табиийки арзон нархдаги барча қулайликларга эга бўлган хонадон вилоятлардан келган ижарада яшовчиларнинг эътиборини ўзига қаратади.

Унга телефон орқали алоқага чиққан фуқароларга ўзини ҳарбий хизматчи деб таништириб, ҳозирда бошқа вилоятда эканлигини ва хизмат сафаридан 2-3 кунда пойтахтга қайтгач, ижарага олувчига хонадонни кўрсатишини, бошқа одамга ижарага бермаслик учун эса олдиндан пластик картасига пул ўтказиб бериши кераклигини айтади. 

Шу тариқа, фуқаро А.А.Х. ўзига тегишли бўлмаган бир нечта пластик карталарга пул маблағларини ўтказиб олган заҳоти мижозлар билан алоқани узади. 

Фуқаро А.А.Х. ушбу услуб билан пойтахтда ижарага хонадон олмоқчи бўлган 100 нафардан ортиқ фуқароларнинг ҳар биридан 200 минг сўмдан 2 млн. сўмгача, бир йил давомида, унинг тузоғига илинган жабрдийдаларнинг умумий миқдори 80 млн. сўмдан ортиқ миқдордаги маблағларини ноқонуний йўллар билан талон-тарож қилган.

Ҳозирда фуқаро А.А.Х. қўлга олиниб, унга нисбатан тегиши эҳтиёт чораси қўлланилган, шунингдек фуқаро А.А.Х.нинг жиноий шерикларини аниқлаш юзасидан суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага