Ўрганишлар, таҳлиллар, хулосалар - ислоҳотларнинг амалий натижаларини намоён этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ва Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиб, шаҳар ва туманлар ҳамда криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганди.
Хоразм. Дастлаб жорий йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилган Хива тумани ИИБ ва туман прокуратураси янги биноларида ходимлар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Шунингдек, жиноятчиликни «маҳаллабай» усулида жиловлаш борасида амалга оширилган профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, секторлар раҳбарларининг фуқаролар қабули, пробация ҳисобида турган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тақдимоти билан танишилди. Ички ишлар органлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари иштирокида учрашув ўтказилиб, уларга эсдалик совғалар топширилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Хива шаҳридаги вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида бўлишди. Бунда асосий эътибор хорижлик ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолият таҳлилига қаратилди.
Шунингдек, масофадан куч ва воситаларни бошқариш бўйича тақдимот ҳамда «Вазиятлар маркази» фаолияти билан танишилди.
Ишчи гуруҳ Ҳазорасп тумани «Боғдор» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 5-сонли ҳуқуқ-тартибот масканига ҳам ташриф буюрди. Масканда ички ишлар органлари, миллий гвардия ва жамоатчилик вакилларининг ҳамкорликдаги фаолияти, яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги учта улгуржи бозорга ўрнатилган шахсни юзидан таниб олувчи видеокамералар интеграция қилинган «Вазиятлар маркази» фаолияти ишчи гуруҳга таништирилди.
Учинчи куни вилоят ИИБ биносида жамоат жойларида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида ташкил этилган “Xavfsiz hayot” мобил илова дастурининг тақдимоти ўтказилди.
Сўнгра Урганч туманидаги 39-умумтаълим мактабида беш муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар, «Оқ мактаб» маҳалла фуқаролар йиғинида эса нуронийлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, ҳоким ёрдамчиси иштирокида аҳоли муаммолари билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш амалиёти ўрганилди.
Ишчи гуруҳ ташаббуси билан уч кун давомида вилоятда аҳоли осойишталиги таъминлаш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида тезкор-профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада 53 та жиноий, 146 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Жиноят содир этиб, қидирувда бўлган 17 нафар шахс ушланди.
Вилоят ҳокимлигида секторлар раҳбарлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, «Обод ва хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон», «Хавфсиз ҳовли» тамойиллари асосида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов сўзга чиқиб, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят ҳудудида содир этилган жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил қилди.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда «маҳаллабай», «хонадонбай», «фуқаробай» тамойиллари асосида иш олиб бориш, ҳар бир ҳуқуқбузарликни маҳалла фаоллари иштирокида жойида муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Ўрганишлар натижаларига кўра, хизмат вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган ички ишлар органлари ходимларига интизомий жазо чоралари кўрилди.
Хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар эса рағбатлантирилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг келиб чиқишининг асосий омили ишсизликдир. Бу муаммонинг ечими эса «маҳаллабай» иш услубини ҳаётга тўғри татбиқ этиш ҳисобланади.
Шу боис ишчи гуруҳ томонидан сектор раҳбарларининг бу борадаги ташаббускорлиги, амалга ошираётган ишлари натижадорлиги танқидий таҳлил қилинди.
Ишчи гуруҳ масъуллари даставвал Нукус шаҳридаги Қумовул маҳалласида нуронийлар, меҳнат фахрийлари билан учрашди. Унда кекса авлод вакиллари билан дилдан суҳбат қурилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Ёш авлодни тарбиялаш, маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш, оила-турмуш масалаларидаги муаммоларни ҳал қилишда фахрийларнинг ўрни беқиёс экани алоҳида эътироф этилди.
Кейинги манзил Нукус шаҳридаги Телеорай маҳалласи бўлди. Бу ерда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг ҳамкорликдаги фаолияти, секторлар раҳбарларининг жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлари ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида ҳудудда аёллар ва ёшлар ўртасида жиноят содир этилиши ҳолати кўпайгани қаттиқ танқид қилинди.
Тахиатош туманидаги Дўстлик маҳалласига бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг аҳоли муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича амалиёти ўрганилиб, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларнинг доимий даромад манбаини яратиш мақсадида уларга парранда, қуён, майда шохли чорва моллари, шунингдек, инкубаторлар, қишлоқ хўжалиги техникалари берилди.
Шундан сўнг Тахиатош туманидаги «Найманкўл» овул фуқаролар йиғинида Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг тумандаги ишчи гуруҳи штабида жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кўмаклашиш бўйича олиб олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Остона гилам» МЧЖда «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Бундан ташқари, овулда ташкил этилган иссиқхоналарда аҳоли бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилган.
Ўрганишлар давомида маҳалларни жиноятдан ҳоли ҳудудларга айлантириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида тезкор-профилактик тадбирлар ҳам олиб борилди.
Ана шундай тадбирларнинг биринчи кунида 22 та жиноий, 46 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолат аниқланди, 2 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди.
Кундузги ва тунги «Авторейд» тадбирларида эса 1201 нафар ҳайдовчи қоидабузарлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бу каби ўрганишлар Беруний ва Элликқалъа туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати