Отам — маслакдошим, дейди лейтенант Баҳодир Қутлиев
Бахтиёр Қутлиев қарийб 30 йил ички ишлар органлари соҳасида самарали хизмат қилди. У 2017 йилда Навоий вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимидан подполковник унвонида пенсияга чиқди. Лекин шундан кейин ҳам тиниб ўтиргани йўқ. Бир неча йил маъмурий ишлар бўйича Навбаҳор туман судида судья бўлиб ишлади. Ҳозирда эса навоийликларга адвокатлик хизмати кўрсатмоқда.
Аксар ўғил болаларга ўхшаб Баҳодир ҳам отасига ҳавас қилиб вояга етди. У айнан Бахтиёр ака истеъфога чиққан йили ИИВ Академияси курсантлари сафига қўшилди. Назаримизда, бу тасодифда ҳам ўзига хос мажозий маъно бордек.
Отасининг изидан бориб, унинг ишини давом эттираётган лейтенант Баҳодир Қутлиев 2021 йилдан буён Навоий шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи лавозимида фаолият юритмоқда.
Оилавий келишмовчиликлар ҳамда отасининг ичкиликка муккасидан кетганлиги туфайли ота-онаси ажрашишганида, Умрзоқ (исмлари ўзгартирилди) ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган эди. Кўп ўтмай онаси бошқа кишига турмушга чиқди. Бу инсон Умрзоқни ўз фарзандидай қабул қилди. Оилада бирин-кетин икки қиз туғилди. Улар тотув ва ҳамжиҳатликда яшашарди.
Умрзоқ 15 ёшга тўлганида танишларидан отаси ўгайлигини эшитиб қолди. Шундан сўнг ўзини ғалати тута бошлади. Отаси билан келишмай, салга аразлайдиган бўлди. Бора-бора оиладаги вазият кескин тус олди, у уйдан қочиб кетадиган одат чиқарди. Икки маротаба лейтенант Баҳодир Қутлиев уни топиб, уйига қайтарди. Аммо охирги гал анча пайт дом-дараксиз кетди. Ҳатто қидирув ҳам эълон қилинди.
Баҳодир 20 кундан кейин вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган боладан Умрзоқнинг хабарини эшитди. Шунча кун бола кўча-кўйда яшаб юрган экан. Уни Ғалаба шоҳкўчасидан топди. Баҳодир Умрзоқни дастлаб мазкур Марказга жойлаштирди. У билан дилдан суҳбатлашди. Тушкунликдан чиқиши учун кўп босқичли тренинглар ташкил этди. Ўгай отаси билан ёлғиз учрашувлар уюштирди. Шундан сўнг ўсмирнинг руҳий аҳволи яхшиланди. У бир ойлик синов давридан кейин оиласига қайтди. Ҳозир ота-боланинг муносабатлари яхши. Бунинг учун Умрзоқнинг ота-онаси лейтенант Баҳодир Қутлиевдан миннатдор.
— Ўсмирларнинг ўтиш давридаги руҳияти анча мураккаб бўлади. Тарбияси оғир болалар билан ишлашда қийинчиликларга дуч келганимда отамдан йўл-йўриқ сўраб, тавсияларига амал қиламан. Касбим юзасидан беминнат маслаҳатдошим борлиги учун Аллоҳга шукур, — дейди лейтенант Баҳодир Қутлиев.
Маҳлиё ХОЛОВА, «Postda» мухбири.
Навоий вилояти