18 апрель 2022 856

«Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар: натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 15 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Frankfort Hotel” меҳмонхонасида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар: натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Халқаро конференцияда марказий студиядан Олий Мажлис Сенати, Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия таркибидаги вазирлик ва идоралар, АҚШ элчихонаси, республикамизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар (БМТнинг НваЖББ, USAID, Winrock International, Халқаро миграция ташкилоти ва бошқа) вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, видеоконференсалоқа орқали АҚШ давлатидан халқаро экспертлар ҳамда ҳудудий комиссиялар аъзолари иштирок этишди.

Халқаро конференция ИИВ ТEҚКББ бошлиғи ўринбосари, кичик комиссия масъул котиби – Н.Рахимов модераторлигида ўтказилиб, унинг ўзи «2021 йилда ва 2022 йилнинг I чорагида Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар: ютуқлар ва истиқболдаги режалар» мавзусида тақдимот қилди.

Шунингдек, халқаро конференцияда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 1-котиби Брендон Шервуд, БМТнинг НваЖББ минтақавий ваколатхонаси маслаҳатчиси Реда Сиргедиене, “Winrock International” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Н.Саидкаримова, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери С.Тошбоев ва USAID вакиллари ўз чиқишлари билан иштирок этдилар.

Бундан ташқари, тадбирда ИИВ, Бош прокуратура, Олий суд, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Реабилитация маркази масъул ходимлари, республикада одам савдосига қарши курашиш соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, шунингдек Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудий комиссиялари аъзолари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан Ўзбекистонда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия, хусусан Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро конференцияга юқори баҳо берилиб, алоҳида эътироф этилди ва мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларда Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида етакчи эканлиги таъкидланиб ўтилди.

Тадбир якуни бўйича Халқаро конференция модератори, кичик комиссия масъул котиби Н.Рахимов томонидан конференцияда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакилларига Ички ишлар вазирлиги ва кичик комиссиянинг эсдалик совғалари топширилди.

ИИВ ТваЭҚКББ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага