28 декабрь 2021 4899

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари Ички ишлар вазирлигига ташриф буюрди

Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов вазирликнинг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятини ривожлантиришга қўшиб келаётган ҳиссалари учун Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчиларига самимий миннатдорчилик билдириб, илк маротаба ўтказилаётган мазкур учрашув – Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлашга берилаётган юксак эътиборнинг намунаси эканлигини алоҳида таъкидлади.

Меҳмонларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва вазирликнинг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, ички ишлар органларининг ўтган беш йил мобайнида хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлигининг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиб, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, ўзаро тажриба алмашиш ва кадрлар малакасини ошириш йўналишларида ижобий натижалар қайд этилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда вазир ўринбосарлари А.И.Икрамов, Н.С.Тураходжаев ва бош бошқарма ҳамда бошқармалар бошлиқлари ички ишлар органларининг хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш, ўзаро тажриба алмашиш ва кадрлар малакасини ошириш каби йўналишлардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда хориждаги элчиларнинг кўмаги муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Учрашувдан сўнг, меҳмонлар ИИВ Академиясига ташриф буюриб, курсантлар ва тингловчилар учун яратилган шароитлар ва ўқув жараёни билан танишдилар. Академияда Вазирлик Малака ошириш институти, Тиббиёт муассасалари ва Академик лицейлари фаолияти тақдимотлар асосида ёритиб берилди.

Якунда вазирликнинг хорижий давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан алоқаларини янада ривожлантиришда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари кўмагидан самарали фойдаланиш йўналишлари белгилаб олинди.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага