15 июль 2022 598

Полковник Шуҳратжон Сотволдиев

Президентимиз 2017 йилнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолиятида, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзлаган нутқида «ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин», деб таъкидлаган эди. 2019 йил 10 январь куни Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимига ташрифи пайтида эса давлат раҳбари «ички ишлар вазирлиги, мудофаа вазирлиги, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак…”, деб алоҳида қайд этган эди.

Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини яхшилаш, халқимизга хизмат қилишга эришиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Ким қандай ишлаётганини одамлардан яхшироқ биладиган ҳеч нарса йўқ. «ўзи билмайди» рукни орқали ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари фаолиятига ҳудуддаги одамларнинг фикри берилади.

Қашқадарё вилоятидаги 3-сектор фаолиятига бугун Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳратжон Сотволдиев масъул ҳисобланади. Ҳозирда сектор ҳудудига 202 та маҳалла қарайди ва уларда 146 минг 972 та хонадон, 202 минг 926 нафар оила мавжуд бўлиб, 736 минг аҳоли истиқомат қилади.

– Маҳалламизда айни вақтда 1 900 та хонадонда 2 мингдан ортиқ оила ва 8 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди «Отчопар» МФЙ раиси Зилола Хуррамова. – 3-сектор раҳбари Шуҳратжон аканинг амалга оширган ишларини айтсам, у кишини мақтаган бўлиб қоламанда. Мақтади, деб ўйласангиз ҳам майли. Шундай бўлсада маҳалламизда қилган ишларини гапираман. Ҳудудимизга қарашли ҳисобланган тупроқ ва лой кўчаларимизнинг барчасига тош шағал ётқизилди. Бундан ташқари, шаҳарнинг асосий катта йўлларига боғловчи кўчаларимизнинг ҳаммаси асфальт қилинди. 1,2 км. пиёдалар йўлакчаси янгидан барпо этилди. Ҳудуддаги 2 та трансформатор қайта таъмирланиб, 30 та ёғоч устун темир-бетон устунларга алмаштирилди. Кам даромадли оилаларнинг аҳволи ўрганиб чиқилиб, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор оилаларга моддий ёрдамлар бериб келмоқда.

Мисол учун, маҳалламизда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган Феруза Мирзаева турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан кўчада қолган эди. Ушбу ёлғиз аёлга ҳудуддаги бўш турган майдон аниқланиб, Қарши шаҳри ҳокимининг қарори асосида 5 сотих ер ажратилди ва сектор раҳбарининг ташаббуси билан 4 хонали уй қуриб берилди. Аёлнинг камчиликсиз яшаши учун сув ҳовузи, ҳаммом, ошхона ҳам қуриб берилди. Бу оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлнинг бугун қадди тикланди, эртанги кунига ишончи ошди. Бундан ташқари, «Бунёдкор» МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногирони Тўлқин Авазов яшаб турган хонадонини термит босиб, уй деворлари, том қисми, эшик ва ромлар яроқсиз ҳолга келиб, уйи қулаб тушадиган аҳволдалиги боис, аниқроқ айтганда, ноиложликдан фуқаро сектор раҳбарига мурожаат қилди. Унинг мурожаатини ҳам беэътибор қолдирмади. Унга ҳам янги уй қуриб бериш бошлаб юборилди. Бир сўз билан айтганда, у киши сектор ҳудудидаги аҳолининг муаммоларини қўлидан келганча ижобий ечишга ҳаракат қилмоқда.

Тўлқин Авазов билан суҳбатлашиш мақсадида унинг уйига қараб йўл олдик.

– Турмуш ўртоғим саломатлигида бироз ўзгариш бўлгани учун шифохонага кетганди, – дейди Моҳичеҳра Мухторова. – Улар бундан 6 йил олдин автоҳалокатга учраб ногирон бўлиб қолди. Ундан олдин шаҳардаги бозорларнинг бирида тадбиркорлик қилар эди. Турмушимиз яхши эди. Ҳеч кимдан кам эмасдик. Ҳаёт эканда шундай мусибатли кунлар бошимизда бор экан. Уйимиз лой пахса ва том қисми тахтадан бўлганлиги учун термитлар босиб еб қўяётганини билганимиздан сўнг, ўзимиз янги уй қуришга ҳаракат қилдик. Хўжайинимнинг пенсиясидан орттириб, қўй ва бир нечта товуқ сотиб олдик. Уларни кўпайтиришни ният қилдик. Бунинг ҳам ўзи бўлмас экан. Уларнинг ем-хашагига ҳам анчагина маблағ кетар экан. Турмуш ўртоғимга ёрдам бўлсин, деб кунлик ишларда ишладим. Шундай бўлсада, фарзандимиз ва рўзғордан орттириб, янги уй қуришга етарли маблағ йиға олмадик. Олдинига хўжайинимнинг бировдан ёрдам сўрашга ғурури йўл қўймади.

Вақт ўтган сари уйимизнинг девор ва том қисми қулаб тушиш эҳтимоли ортиб бораверганидан сўнг ёрдам сўраб тегишли идораларга хат ёзди. Ёзилган хатларга жавоб келмади. Шундан сўнг, сектор раҳбарига мурожаат қилди. Сектор раҳбари Шуҳратжон ака уйимизга келиб яшаш шароитимизни кўрди ва зудлик билан сизларга янги уй қуриб бермаса бўлмайди, деб қурилишни бошлаб юборди. Мана, кўриб турганингиздек, икки хонали уйнинг деворларини пишиқ ғиштдан, том қисмини эса темирдан қилиб қуриб бермоқда. Бир ойлардан сўнг, янги уйга кўчиб кирамиз насиб қилса.

Таниш-билиш, қўшниларимиз бизларга тўғрисини айтинглар, ҳақиқатан ҳам «милиция»лар уй қуриб бераяптими, дея ишонқирамай сўрашади. Мен шунда ич-ичимдан ғурурланиб бизга «милиция»лар янги уй қуриб бераяпти, дейман. Юртимизда Шуҳратжон акадай инсонлар кўпаяверсин.

Аёлнинг гапларини қоғозга тушириб улгурмасимдан шу маҳаллада яшайдиган ҳожи бобо Даврон Холиқов суҳбатимизга қўшилди.

– Шуҳратжон Сотволдиевнинг отасига минг раҳмат, – дейди ҳожи бобо. – Биласизми, бу жойларга олдин пахта ва ғалла экилган. 1990 йилдан бошлаб одамларга уй-жой қуриш учун берилган. Тўғрисини айтсам, шаҳарда яшасамда кўчаларимиз қишда тиззагача лой, ёзда эса чанг бўлганидан уйимизга қишлоқдан ёки бошқа вилоятдан меҳмонлар келса улар олдида жуда хижолатда қолардим. Мана, қилса бўлар эканку. Шу боисдан сектор раҳбарига гапимни раҳмат айтишдан бошладим. Мана энди кўчамизда юрган ҳар бир одам шу ишнинг бошида турган одамни ҳар куни дуо қилади.

– Маҳалламиздагилар кўчамиз энди асфальт қилинар экан, боиси сектор раҳбари полковник Шуҳратжон Сотволдиевга мурожаатимиз етиб борибди ва у киши маҳалламизга келиб кўчамизнинг аҳволини кўриб, аҳоли билан суҳбатлашиб кетибди, деган гап-сўзлар бўла бошлади, – дейди ҳожи она Хурсанд Қодирова. – Кимдирлар бошқа олдинги раҳбарларга ўхшаб, бу ҳам асфальт қилиб бераман, деб ваъда берганда, амалда эса ҳеч нарса қилмайди, деса, яна кимдир «йўқ, қилиб бераман, деб айтдику кўринишидан самимий, берган ваъдасининг устидан чиқадиган одамга ўхшайди», деди.

Аҳоли орасида шундай гап-сўзлар оралади. Ҳа айтганча, яна кимлардир «милиция»нинг кўчани асфальт қилиб юрганини ҳеч кўрганмисизлар, айтди-қўйдида, дейди. Кимдир бу гапга ишонса, кимдир ишонмади. Бир куни кўчани бошидан асфальт қилина бошланди. Бир гала одам билан уларнинг олдига бориб, полковник Шуҳратжонга тарбия берган ота-онасига раҳмат, дедим.

Шунда истарали ўрта ёшли одам «бу гапингизни эшитиб ич-ичимдан хурсанд бўлдим, ҳожи она», деб қолди. Кейин билсам, Шуҳратжоннинг ўзига айтган эканман. Тўғрисини айтсам, одамлар полковник «милиция» деб, айтаверганидан кўз олдимга форма кийган, погон таққан бир салобатли, ўзига ўхшаган погон таққанлар қуршовида юрадиган одам, деб тасаввур қилар эдимда. У эса ҳамма қатори оддий кийимда, чанг-тўзондан кийими ва сочлари оқариб, асфальт қилаётганларга ўзи бош-қош бўлиб юрган экан. Яна ўзингизча ўйламанг, кўчаларини асфальт қилиб берганига оғзидан бол томиб мақтаяпти, деб. Яқин бир танишимиз шаҳардан 10 км. узоқликдаги «Шайхали» маҳалласида яшайди. У ерда яшайдиган одамлардан ҳам бориб сўраб кўринг вақтингиз бўлса, Шуҳратжонни танийдимикан, йўқми. Шунда ўзингиз бир хулосага келасиз.

Ҳожи она айтган манзилга қараб йўл олдим.

Маҳаллага етиб келганимдан сўнг, ўзимни таништириб, мақсадимни тушунтириб, қўшимчасига ҳожи онанинг тавсиясига кўра шу ерга келдим, деб гапни бошладим. Шунда «Шайхали» маҳалласи, Косон йўли кўчасида яшайдиган Абрай Кўчимов гап бошлади:

– Гап шундаки, 6 йилдан буён маҳалламиз ҳудудида Терини қайта ишлаш заводидан чиқаётган сизот сувлари зах ерда йиғилиб, каттагина кўл ҳосил қила бошлади, – дейди Абрай Кўчимов. – Ундан чиқаётган бадбўй ҳид эса шу ерда яшовчиларнинг яшашига имкон қолдирмаётганди. Боиси, у ҳидни ҳидлаган одамнинг ошқозонигача аччиқ дуд етиб борарди. Бу ерда яшаб бўлмайдиган аҳволга келиб қолганимизни маълум қилиш учун олдинига шаҳар, кейин вилоят ва ниҳоят республикагача мурожаат қилдик. Ҳаммаси мурожаатни ўргангани келади, аҳволимизни кўради ва бу муаммони тезда бартараф қиламиз, дейишади. Шу билан йўқ бўлиб кетишади. Шу аҳволда 80 та оила 6 йилдан бери яшаб келаётган эдик. Бошқа ерга кўчиб кетайлик, десак имкониятимиз йўқ. Тўғрисини айтаман, мурожаатимизни ўргангани келган одамлар узоғи билан 15-20 минут гаплашиб турардида, машинасига ўтириб келган жойига кетиб қоларди. Чунки, ҳиднинг бадбўйлигидан кўзларимиз ачишиб кетди, деб ўз оғзилари билан айтишарди. Аммо натижа йўқ эди.

Энг ёмони, уйимизга ҳол-аҳвол сўрагани энг яқин танишларимиз ҳам келмайдиган бўлишди. Шундай бир вазиятда мурожаатларимиздан бири 3-сектор раҳбари Шуҳратжон акага ҳам етиб борган экан. У киши вазиятни билиш мақсадида етиб келди ва аҳоли билан гаплашди. Шунда у киши бу муаммони ҳал қилмасдан кетмаслигини ва шу жойда мен ҳам яшайман, деб айтганда ҳеч биримиз ишонмадик. Бадбўй сув махсус техникалар ёрдамида олиб чиқиб кетилди, зовурни кўмиб ташлаш натижасида 20 гектарга яқин жой текисланиб, ишлов берилиб, дарахт кўчатлари ўтқазилди. Мана энди ҳамма қатори биз ҳам тоза ҳаводан нафас олиб яшаш имкониятига эга бўлдик.

Мен нима демоқчиман, аҳолини ўйлаган раҳбар ҳар қандай вазиятда ҳам имкон топа олар экан. Фақат бунга чин кўнгилдан ёндашса, ўзим шу ерда яшаганимда нима қилган бўлар эдим, деган фикрда бўлса. Бу муаммони бартараф қилишга бир ойдан ошиқроқ вақт кетди. Сектор раҳбари шу ерда ишлади, ишчилар билан бирга нонушта қилди. Бугунги кунда завод ҳар доимгидек ишлаб турибди. Фақат сизот сувлари махсус ҳовузда йиғилиб, дарҳол махсус техникалар орқали олиб чиқилиб кетиляпти…

Қисқа муддатли ўрганишимиз Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Шуҳратжон Сотволдиевнинг фаолияти ҳақида хулоса дейиш фикридан мутлақо йироқмиз. Биз учратган одамлар у кишининг 3-сектор раҳбари сифатидаги фаолиятига баҳо беришди, холос. Вилоятда ички ишлар тизими қандай ишлаётгани ҳақида ҳар хил фикрлар бўлиши мумкин ва бу табиий. Масаланинг бу жиҳатига Ички ишлар вазирлигида асосли жавоб борлигига аминмиз.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ, «Ўзбекистон овози» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага