18 апрель 2022 649

Пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаётган шахслар иштирокида давра суҳбати ва сайёр суд ўтказилди

Риштон тумани ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаб келаётган назоратдаги шахслар ўртасида қайта жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида давра суҳбати ва сайёр суд йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда Риштон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, туман прокурори ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди раиси иштирок этиб, пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаб келаётган 55 нафар назоратдаги шахслар билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Уларга жазо ўташ тартиб-қоидалари, зиммаларидаги мажбуриятлар яна бир бор тушунтирилди.

Сайёр суд жараёнида эса жазо ўташ давомида ҳақиқатдан ҳам меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, жазо ўташ тартиб-қоидаларига риоя қилган, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ амал қилганлиги учун Риштон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг тақдимномасига асосан 6 нафар шахслар жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинди.

3 нафар маҳкум эса ўзига тегишли хулоса чиқармай, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб юрганлиги сабабли тайинланган жазо турлари оғирроқ жазога алмаштирилди.

Хусусан, 1 нафар назоратдаги шахс озодликдан маҳрум этилди. 2 нафар шахснинг ахлоқ тузатиш ишлари жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилди.

Сайёр суд содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга имкон берилганлиги халқимизга хос инсонпарварлик ва кечиримлилик каби азалий қадриятларнинг амалдаги исботи бўлди.

Бу бағрикенглик жазодан озод қилинган шахсларнинг эл-юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга имкон яратиб, оилаларида тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик бўлишини таъминлайди.

Ўтказилган тадбир давомида пробация гуруҳи ҳисобида турган назоратдаги шахслар ўзларига тегишли хулосалар чиқариб олдилар.

Бундай тадбирлар профилактик ишлар самарадорлигини ошириб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага