Профессионал кадрлар тайёрлаш йўлида
Ички ишлар органлари учун салоҳияти юқори кадрларни тайёрлаш соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан саналади. Ана шу мақсадда бундан тўрт йил муқаддам ИИВ Академиясида Сиртқи таълим факультети ташкил этилган эди.
Факультетда тўрт йиллик ўқув дастури асосида таълим олган тингловчиларнинг тантанали битирув маросими бўлиб ўтди. Унда ИИВ Академияси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ИИВ Малака ошириш институти мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Айтиш жоизки, ўқув даргоҳида 2004 йилгача фаолият юритган сиртқи таълим йўналишида фақат ички ишлар органлари ходимлари ўқитилган. Давлатимиз раҳбарининг «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан қайтадан ташкил этилган факультетда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларда хизмат қилаётган ходимларнинг ҳам таълим олишига имконият яратилди. Шунга кўра, 2018-2019 ўқув йилида сиртқи таълим йўналишига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан 400 нафардан ортиқ ўрта махсус маълумотли номзодлар қабул қилинди.
Тингловчиларнинг мутахассисликка оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув жараёнига илғор педагогик услублар самарали татбиқ этилди. Машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда турдош олий таълим муассасаларининг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилди. Шунингдек, ҳудудий ички ишлар органларида малакавий амалиётлар ташкил қилинди. Ўқув йили якуни бўйича тингловчилар давлат аттестацияси имтиҳонларини топширдилар.
Ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга олий маълумотли юрист малакасини берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.
- Ички ишлар органларида 19 йилдан бери хизмат қиламан, - дейди Зебо Одилова. - Ҳуқуқшунос малакасига эга бўлмаганим касбий ўсишимга таъсир қилаётган эди. Муҳтарам Президентимизнинг қарори билан сиртқи таълим йўналишининг ташкил қилингани мен қатори кўплаб касбдошларимга катта имконият яратди. Ўқиш давомида мутахассисликка оид назарий билим ва амалий кўникмалар-ни чуқур ўзлаштирдим. Устозларим берган таълим келгуси фаолиятимда мустаҳкам пойдевор бўлади, албатта.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник Сарвар Мамаюсупов, битирувчилардан Дониёр Марипов, Дилрабо Норбоева сўз олиб, профессионал кадрлар тайёрлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашди.
Жамшид ХОЛОВ, капитан. Суҳроб ШОМАНСУРОВ олган суратлар.