1 июль 2022 590

Қалб кўзи билан кўриш ҳам бахт

Бугунги суҳбатдошимизнинг сермазмун қўшиқларини кўп эшитгансиз. Унинг сўз усталари билан тенгма-тенг аския айтишаётганини ҳам кўргансиз. Машҳур санъаткорларимиз овозини ўхшатиб, Шукур Бурхонов, Аббос Бакиров, Турғун Азизовларни тақлид қилганига ҳам гувоҳ бўлгансиз. Англаганингиздек, навбатдаги суҳбатдошимиз профессионал ижодкор Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров.

- Суҳбатимиз аввалида ўқувчиларимизга, айни пайтда, аксар мухлисларингизга ҳам қизиқ бўлган бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Оролмирзо Сафаровнинг болалиги қандай ўтган? Ёшлигида нималарни орзу қилган?

- Болалигим Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида ўтган. Оиламизда олти фарзанд бўлган, ота-онамиз бизларни ҳеч кимдан кам қилмай тарбия қилишган. Олти ёшимгача қишлоғимиз кўчаларида бошқа болалардек ҳаёт кечирганман.

То Самарқанд шаҳридаги кўзи ожизлар мактабига олиб боришмагунча менинг кўзим ожиз, деган тушунча бўлмаган. Уйимдагилар ҳам кўзи ожиз эканимни билдиришмаган. Кейин билдимки, туғилган вақтимда тақдиримда шу битилган, албатта, оилада Абдуҳамид акам ва менга бундай такдир ёзиғи бўлганидан ота-онамиз изтиробга тушишган. Бироқ бизни ўкситтирмай, яхши инсон бўлишимиз учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишган.

18 ёшгача Самарқанд шаҳридаги кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида устозларимдан таълим олдим, тўгаракларда қатнашдим. Лекин тўртинчи синфгача кўниколмай, фанларни яхши ўзлаштиролмаганман. Вақт ўтиши билан устозларимнинг насиҳати, ота-онамнинг ўгитлари ва тақдир менга шундай ҳаётни раво кўрганини тушуниб етишим ўзгаришимга сабаб бўлган. 5-синфдан бошлаб ҳамма фанлардан яхши ўқиб, аълочи бўлганман. Мактабни ҳам аъло баҳоларга битирдим.

Оиламизда санъатга қизиқиш катта бўлган. Уйимизда машҳур санъаткорларнинг қўшиқлари жамланган магнит тасмалари жуда кўп эди.

Кейин уйимизда мўъжазгина кутубхона бўларди. Қўшиқларни эшитиб, қўшиқ ва куй оламини болалигимиздан тасаввур қилиб улғайган бўлсак, онамнинг ҳар куни китоб ўқиб беришини ҳам сабрсизлик билан кутардик.

Ҳаётдаги биринчи устозларим деб менга тўғри йўлни кўрсатган отам-онам ва нима керак бўлса, топиб бериб, қаерга олиб бориш керак бўлса, олиб борган акам бўлган, десам, асло янглишмаган бўламан.

Отам ғойибона санъатни яхши кўрганлар, «Кунтуғмиш», «Гўрўғли», «Алпомиш», «Тоҳир ва Зуҳра» достонлари асосида яратилган мусиқий асарлардаги арияларни моҳирлик билан ижро этган. Шунинг учун ҳам ўзи эришолмаган орзуни мен амалга оширишимни истаб, шу йўлда жон-жаҳди билан ҳаракат қилган.

- Газетамизнинг «Бир қўшиқ тарихи» рукнида халқимиз дилидан жой олган қўшиқларнинг яралиши ҳақида мақолалар бериб борамиз. Шу ўринда сиз маҳорат билан ижро этган «Шукроналик» қўшиғининг тарихи ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

- Бу қўшиқнинг яратилишига ўзим сабабчи бўлганман. Кўплаб инсонларни шукур қилишга ундовчи шундай қўшиқ яратиш ғояси менда бўлган, лекин унинг амалга ошиши мушкул бўлиб турганди.

Бир куни зарур иш билан Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг ижодхонасига бордим. Озодбек ўшанда яккахон концертига тайёргарлик кўраётганди. «Ака, сизга бир таклиф бор, концертда иккаламиз бир дуэт ихтиро қилсак. Сизнинг ҳаётингиз, тақдир йўлингиз акс этган бўлса», деб қолди. Мен бунга жон деб рози бўлдим.

Хуллас, 2009 йил апрель ойида бўлиб ўтган концертда ўша қўшиқни биргаликда ижро этдик. Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ботиржон Эргашев шеъри, Мусахон Нурматов мусиқаси билан яратилган «Шукроналик» қўшиғи дунё юзини кўрди.

Халқимиз уни яхши кутиб олди, шу қўшиқ орқали кимнингдир қалбига кириб борган бўлсак, ўтаётган кунига, Оллоҳ берган неъматларига шукроналикни жо қилган бўлсак, ўзимизни жуда бахтиёр ҳис қилган бўламиз.

- Сиз устоз сифатида ҳозирги қўшиқчилик санъатига баҳо беришга, унинг ютуқларини эътироф этиб, камчиликларини рўйи-рост айтишга ҳақлисиз. Айтингчи, сиз бугун ижро этилаётган қўшиқлардан кўнглингиз тўладими?

- Ҳозирги қўшиқчилигимизнинг ютуқлари ҳам бор, камчиликлари ҳам етарли. Афсуски, айни пайтда яхши санъаткорлар қаторида оғзини қимирлатиб, фонограммада бугун бор, эртага йўқ қўшиқларни айтаётган, тирикчилик, сохта обрў учун шу соҳада юрган «санъаткор»лар кўпайиб кетди.

Улар саёз мусиқа, номи шеър бўлган алмойи-жалмойи сўзлар билан ўзларича қўшиқ айтиб, ўзларига мос аудиторияни ҳам шакллантиряпти.

- Хабарингиз бор, юртимизнинг барча ҳудудида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун фаолият кўрсатаётган махсус мактаблар «Нурли маскан» дея қайта номланиб, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари оталиғига ўтказилди. Бу ўзгаришлардан кейин сиз мактаблар келажагини қандай тасаввур қиляпсиз?

- Гапнинг очиғи, Президентимиз жуда улуғ, савоб ишга қўл урди. Негаки, ҳали бирорта давлат раҳбари кўзи ожизлар мактабига бориб, ҳолинг нима, қандай камчиликларинг бор, деб сўрамаган.

Юртбошимизнинг шахсан ўзи мактаб-интернатга бориб, ўқувчилар ва мураббийлар билан гаплашиб, уларнинг муаммосини ўрганиши, уларни ҳал қилиш чораларини кўриши, бу бутун кўзи ожизларга бўлган эътибор намунасидир.

Энди бу мактабларнинг «Нурли маскан» дея номланиб, уларнинг Ички ишлар вазирлиги оталиғига топширилиши улкан воқелик бўлди. Яқинда ана шундай мактаблар ўқувчилари ўртасида республика миқёсида ўтказилган спорт мусобақаси ва китобхонлик танловида иштирок этдим.

Ўқувчиларнинг шижоати, спортга бўлган қизиқишига гувоҳ бўлдим. Мутасадди идораларнинг ҳомийлик ёрдами, ғолибларга берилган мукофотларни эшитдим. Шу ёшга етиб бунақа тадбир, кўзи ожизларга кўрсатилаётган бундай эътиборни кўрмаганман.

Сал олдин ўзим таълим олган мактабга бордим. У ерда айни пайтда кенг миқёсда таъмирлаш ишлари бошланган. Ҳадемай замонавий, кўзи ожизлар учун барча қулайликларга эга бўлган мактаб қад ростлайди. Бу хайрли ишлардан мактаб жамоаси, айниқса, ўқувчиларнинг қувончини бир кўрсангиз эди. Биз ўқиган даврда брайл ёзувидаги китобларни топиш жуда қийин бўлган.

Эндиликда шундай ёзувли китоблар билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйиляпти, кўплаб тўгараклар фаолияти жонлантириляпти. Насиб қилса, келажакда республикамиздаги ана шундай мактаблардан ҳам яхши инсонлар, ижодкорлар, ҳунармандлар чиқишига ишончим комил. Мана шундай эзгу ишларнинг бошида турган Юртбошимиздан, Ички ишлар вазиридан, барча мутасадди раҳбарлардан чексиз миннатдормиз.

- Болалигимизда эшитгандик, бундан анча йиллар олдин бўлиб ўтган танловда машҳур санъаткорлардан бири сизнинг ижроингизга тан бериб, ўз торини совға қилган экан. Шу ростми?

- 1991 йил 27 декабрда ёш хонандаларнинг «Камолот-91» республика кўрик-танлови бўлиб ўтганди. 14 нафар иштирокчи орасида мен ҳам қатнашиб, иккита қўшиқ айтдим. Ғолиб бўлиб, гран-прини қўлга киритганман. Танловдаги ҳакамлар ҳайъати жуда нуфузли инсонлардан ташкил топганди: Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Нуриддин Ҳайдаров, Муҳаммад Юсуф...

Хуллас, ҳайъат аъзоларига қўшиқларим манзур бўлиб, гран-при билан бирга мукофот учун қўйилган тор созини Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев қўлларидан олиш бахтига муяссар бўлганман.

Бу мукофот республика миқёсидаги мусобақада эришган биринчи совриним бўлгани учун ҳали-ҳануз уни ардоқлаб, сақлаб келаман. Ана шундай устоз назарига тушганимдан, у кишига шогирд бўлганимдан фахрланаман.

- Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти ҳақидаги фикрларингиз?

- Ички ишлар органи ходимлари доим ҳурмат қилиб, Оролмирзо ака, ҳофиз деб эъзозлашади. Халқимиз тинчлиги, осойишталиги учун фидойилик билан хизмат қилаётган барча ички ишлар органлари ходимларидан жуда розиман.

Қилган ибодатларимда бошқа соҳадагилар қатори, ички ишлар органлари ходимларини ҳам доим дуо қиламан. Тинчликни асраб, халқимиз осойишта яшаши йўлида қилган хизматлари учун ажру савобларини сўрайман.

Юртимиз тинч бўлсин. Майли, қандайдир машғулотлар учун, ҳарбий тайёргарликни ошириш учун ясама ўқлар отилсин, лекин ҳақиқий ўқлар отилмасин, ички ишлар органлари ходимларининг умри хазон бўлмасин.

«Postda» мухбири Фозилжон Мамашарипов суҳбатлашди.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага