Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан давлат органларининг раҳбарлари томонидан жойларда аҳоли мурожаатлари билан тўғридан-тўғри ишлаш ва халқ билан очиқ мулоқот орқали аниқланган муаммоларни бартараф этиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда
Белгиланган вазифаларни самарали ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 12 май куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан соҳа масъуллари иштирокида Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Алишер Навоий” истироҳат боғи ҳудудида Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари аҳолиси учун оммавий сайёр қабули ўтказилди.
Тадбир жараёнида фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолиятига оид мурожаатлари, ечимини кутаётган муаммолари ҳамда хизматга (ўқишга) қабул қилиш ва қайта тикланиш масалалари билан боғлиқ шикоятлари кўриб чиқилди.
Қабул давомида аҳолидан турли масалаларда 305 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 275 таси бевосита ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ, яъни 86 таси ички ишлар органларига хизматга қайта тиклаш, 90 таси суриштирув ва тергов ҳаракатлари билан боғлиқ муаммолар, 43 таси ички ишлар органларига ишга (ўқишга) кириш, 31 таси пробация ҳисобидаги шахсларни жазо муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш ҳамда 2 таси маҳкумларнинг бошқа жазони ижро этиш муассасасига ўтказиш масалаларидир.
Шунингдек, қабулда келиб тушган мурожаатларнинг
30 тасида ҳудуддаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳал этиш сўралган. Тадбир жараёнида 23 нафар фуқародан миннатдорлик мазмунидаги хатлар ҳам келиб тушган.
Мурожаатларнинг 172 таси (56,4 фоизи) ижобий ҳал этилиб, чуқур ўрганилиши талаб этилаётган 133 та (43,6 фоиз) мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.
Ўтказилган сайёр қабул жараёнида, аҳолининг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда, 31 нафар пробация ҳисобида туриб тузалиш йўлига ўтган шахсларни муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод қилиш учун ўрнатилган тартибда тегишли судларга тақдимномалар киритилди, 39 нафар суриштирув ёки дастлабки тергов ҳаракатларидан норози фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди, 9 нафар собиқ ходимлар ички ишлар органларига қайта ишга тикланди ҳамда ички ишлар органларига хизматга кириш истагини билдирган 40 нафар фуқаролар навбатдаги танловда иштирок этишга рухсат этилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилиб, олий ўқув юртларида ўқиб контракт пулини тўлашга қийналган уч нафар ёшларга 3 миллион ва икки нафарига 2 миллион сўмдан пул маблағлари, уч нафар фуқарога ногиронлар аравачаси ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 26 нафар фуқароларга субсидия асосида тикув машиналари топширилди.
Таъкидлаш жоиз, мурожаатларни кўриб чиқишда аҳолининг эҳтиёжлари ва талабларига таянган ҳолда узоқ вақтдан буён ечимини топмаётган муаммоларни ҳал этишга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини амалда тикланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат органларининг барча даражадаги раҳбарлари томонидан аҳоли билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар бошқа вилоятларда ҳам давом этади.
ИИВ Ахборот хизмати