Қинғир ишнинг қийиғи
ИИВ Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармасига Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Дилбар Шокирова (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг одам савдосидан жабрланганлиги юзасидан маълумот келиб тушди. Фуқаронинг билдиришича, жорий йилнинг апрель-май ойлари давомида унга Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳридаги меҳмонхоналарда зўравонлик ва куч ишлатиб, шаҳвоний мақсадларда фойдаланиб келишган.
Ушбу маълумот юзасидан олиб борилган тезкор-суриштирувларда маълум бўлишича, Дилбар жорий йилнинг апрель ойида таниши - Янгийўл туманида яшовчи Ноилага моддий томондан қийналаётганлигини айтиб, ёрдам сўраган.
Ноила яқинда Ўртачирчиқ туманида яшовчи Мадина исмли танишини БААга ишга юборганини, айни пайтда у Дубай шаҳридаги қоғоз фабрикасида ишлаб, ойига 2500 АҚШ доллари миқдорида маош олаётганлигини айтади.
Хоҳласа, Дилбарни ҳам унинг олдига юбориши мумкинлигини, йўл ва бошқа харажатларни ҳам ўзи қоплашини, ишга кириб тўлаб беришини айтиб, уни қизиқтиради.
Кўп ўйлаб ўтирмай, Дилбар рози бўлади. Жорий йилнинг 31 апрель куни унинг уйига Ноила ҳамда Дубайдаги қоғоз фабрикасида ишлаётгани айтилган Мадинанинг онаси Муборак келиб, БААга кетиши учун барча ҳужжатлар тайёр бўлганлигини, Шаржа шаҳридаги аэропортда уни қизи кутиб олишини таъкидлайди.
Тез орада БААга етиб борган, Дубай шаҳридаги меҳмонхоналардан бирига жойлашган Дилбарнинг олдига ўзини Фарангиз (жиноий гуруҳ раҳбари) деб таништирган аёл келиб, уни бу ерга олиб келиш учун 8000 АҚШ доллари миқдорида пул сарфлаганлиги ва бу пулларни фоҳишалик қилиб ишлаб бериши лозимлигини айтади. Дўқ-пўписа билан қўрқитиб, паспортини олиб қўяди.
Шундан кейин, Дилбар 5 кун давомида ўша меҳмонхонада турли миллат вакиллари бўлган мижозлар билан алоқада бўлишга мажбурланган. Кейин Фарангизнинг топшириғига кўра, Лена уни бошқа меҳмонхонага ўтказган.
Дилбар ушбу меҳмонхонада ҳам 3 кун давомида доимий қийноқлар остида мижозлар билан алоқада бўлишга мажбурланган. Бироз вақт ўтиб, Дилбарнинг соғлиғи ёмонлашади.
Дилбар иложини топиб, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи опаси Замирага интернет тармоғи орқали алоқага чиқиб, ўзининг аянчли ҳолати ҳақида овозли ва видеоёзувли хабарларни юборган.
Ўзбекистоннинг Дубайдаги консулхонаси ходимлари ёрдамида 22 май куни яшаш манзилига қайтиб келиб, ўзини сотиб юборган шахслар устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Юртимизда фаолият кўрсатган жиноий гуруҳнинг аъзолари қўлга олинган бўлса, хориждаги ҳамтовоқларининг шахсига аниқлик киритилиб, уларни қўлга олиш чоралари кўриляпти.
Фарҳод Аҳмедов, подполковник.