Қинғир ишнинг қийиғи
Соат тунги 1:00 дан ошганда Ангор туманидаги «Навбаҳор» маҳалласидаги ҳашаматли уй олдида уч кишининг қораси кўринди.
Юзларига қора ниқоб, қўлларига қўлқоп кийиб олган бу кимсалар аввал ён-атрофга аланглаб, назар солишди. Ҳамма ёқ сув қуйгандек жим-житлигига амин бўлгач, йигитлардан бири қўлидаги фонарни ёқди.
Девор ошиб, ҳовлига кирди ва дарвозани очиб, шерикларини ёнига имлади.
...Қандайдир шовқинни эшитган хонадон бекаси чўчиб уйғониб кетди. Йигитлардан бири дарҳол уни сочидан тортиб йиқитдида, юзини ёстиққа босиб, пўписа қилди:
- Овозингни чиқарма! Агар ғинг десанг, ўласан! Пуллар, тилла тақинчоқлар қаердалигини айт.
Дилором (исми ўзгартирилди) қўрқиб кетганидан юраги гупиллаб урар, ўзини босишга уринарди. Шу пайт қизи Хадича уйғониб, улар томон кела бошлади. Иккинчи йигит қизчанинг оғзини ёпди. Учинчиси эса пайтдан фойдаланиб, ўша хонада ётган Дилоромнинг онаси Сожида аяни ухлаб ётган жойидан турғизиб, бўйнидаги тилла занжирни ечишини талаб қилди. Сожида ая қаршилик қилмоқчи бўлган эди, агар тилла буюмларни, пулларни беришмаса, бирортаси соғ қолмаслигини уқтиришди.
Босқинчилар Сожида аянинг тилла занжири, билак-узуги ва зирагини, уяли телефон аппаратини олишди. Камига Дилоромнинг бошига ва танасининг турли жойларига уриб, темир сейфни очишга мажбур қилишди.
Сўнгра сейфда бўлган катта миқдордаги пул ва тилла тақинчоқларни олиб, ҳодиса жойидан яширинишди.
Босқинчилар кетишгач, Дилором поччаси Акром орқали ички ишлар органига хабар қилди. Вилоят ИИБ тезкор қидирув хизмати ва туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни туманнинг «Қадимий Ангор» маҳалласида яшовчи Б.О. танишлари С.Х. ва Н.Х. билан бирга содир этгани аниқланди.
Гумонланувчилардан пул ва тилла буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Эшитса, этни жунжиктирадиган мазкур ҳолат ички ишлар органлари ходимлари билан бирга, ҳудуд аҳолисини ҳам ҳушёр торттирди. Шу сабаб Ангор туманидаги Маданият уйида вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Икромжон Турсунов, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳолат юзасидан маълумот берилиши баробарида, жиноятнинг сабаблари, у келтириб чиқарган оқибатлар муҳокама қилинди.
Ҳудудда аҳолининг, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторларининг ҳушёрлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.
Бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун зарур профилактик тадбирлар кўрилиши кераклиги айтиб ўтилди.
Албатта, ҳар қандай жиноят ҳеч қачон жавобсиз, жиноятчи жазосиз қолмайди.
Шунинг учун ҳам ҳар бир киши ўз қилмишининг оқибатини ўйлаб, кейин қадам босмоғи лозим. Чунки биз қонун устуворлиги таъминланган жамиятда яшаяпмиз. Демакки, уни четлаб ўтганларга нисбатан доим чора кўрилади.
Феруза Раҳмонқулова, «Postda» мухбири. Сурхондарё вилояти.