6 август 2022 732

Қўлда яратилган қувонч

Ҳар бир инсон туғилган кун ёки бошқа қандайдир байрамлар муносабати билан яқинларидан совға олишни ёқтирса керак. Кўпчилик учун совғанинг қиймати эмас, унинг аҳамияти, кўрсатилаётган эътибор муҳим. У қандай буюм бўлишидан қатъи назар ҳадя қилувчи учун ҳам қадрли бўлса, албатта олувчи учун ҳам қадрли бўлади. Айниқса, ўз қўлингиз билан қандайдир гўзал буюм ясаб, уни яқин кишингизга совға қилсангиз, бунинг қадри ва қувончи бебаҳо бўлади.

ЖИЭД Биринчи минтақавий ҳудуд 7-сон ЖИЭК ишлаб чиқариш корхонасида ана шундай кўркам қутичалар ясаш йўлга қўйилган. Чинни идишлар, тақинчоқлар ва бошқа эсдалик совғалари солишга мўлжалланган бу қутичаларнинг кўринишиёқ кўзни қувнатиб, кишига аллақандай кўтаринки кайфият бағишлайди. Бу қутичаларни сифатли ва кўркам қилиб ясаш ва истеъмолчига етказиб беришдан ҳам муҳимроқ нарса бор. Билиб-билмай жиноят содир этган, эндиликда қилган хатоси учун жазо ўтаётган шахслар, ана шу қувончни ўз қўллари билан яратишни ўрганиб олишяпти.

— Мен биринчи бор шу қутичаларни кўрганимда бу ерда ясалишини ўйламагандим, — дейди маҳкум И.Ўринбоев. — Қандайдир буюмларни солиш учун олиб келинган деб ўйлаган эдим. Кейин ишлаб чиқариш цехида фаолият юрита бошладим. Устачиликни устозлардан ўрганар эканман, шу қутичаларни ўзим ясашни ўрганмоқчи эканимни айтдим. Бу жуда осон экан, фақат қунт ва қизиқиш билан ишланса, меҳр берилсагина кўзни қувонтирадиган совғалар пайдо бўларкан. Энг асосийси, озодликка чиққанимдан кейин бирор яқинимга совға бермоқчи бўлсам, бозордан излаб юрмайман. Ахир бу қўлимдан келадику.

Мазкур колонияда нафақат совға учун қутичалар, балки миллий ҳунармандчилигимизнинг кўҳна турларидан бири бўлган ёғоч ўймакорлиги санъатининг бир қанча намуналари ҳам яратилади. Маҳкумлар шундай санъат асарларини ўз қўллари билан яратишар экан, ўз санъатидан қувонч туймоқда, нималарга қодир эканини кўриб ҳайратланишяпти. Инсон қўллари ана шундай мўъжизалар яратишга қодир. Айримлар эса бу қудратни қинғир йўлларга сарфлаб, оқибатда пушаймонлик гирдобида қолишади. Жазони ижро этиш тизимида маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик тадбирларда эса, ана шу истеъдодларни кашф этиш ва қўл кучини мақсадли ишларга йўналтиришга эътибор қаратилади.

ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага