22 сентябрь 2022 617

Қоракўл туманида пахта талон-тарож қилинишининг олди олинди

Пахта йиғим-терими пайтида далаларда етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилиниши, пайҳон қилиниши ҳамда ўғирланишини олдини олиш мақсадида илгари хабар берганимиздек, Бухоро вилояти ИИБ ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган. Улар ҳар гектар майдон, ҳар бир фермер хўжаликлари далаларида туну кун назорат тадбирлари ўтказмоқдалар.

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қоракўл тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида туманнинг «Тожикент» маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш манзили ва ёрдамчи хўжаликлари кўздан кечирилганда, яшаш хонадони молхонасида 230 килограмм пахта, 6 килограмм чигит ва пахтадан чигитни тозалаш дастгоҳи аниқланиб, ашёвий далиллар холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди. Пахта хомашёси эса тегишли тартибда Қоракўл тумани Пахта тозалаш пунктига топширилди.

Шунингдек, куни-кеча 20 сентябрь куни ўтказилган навбатдаги тезкор профилактик тадбир давомида туманнинг «Дарғабоғи» маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш манзили ва ёрдамчи хўжаликлари кўздан кечирилди. Натижада унинг яшаш хонадони молхонасидан 220 килограмм пахта хомашёси аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди ва олиб қўйилган пахта хомашёси Қоракўл тумани Пахта тозалаш пунктига топширилди.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, бу каби қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш борасидаги тезкор профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага