7 май 2022 2308

Қорақалпоғистонда аҳоли муаммоларини “маҳаллабай” бартараф этишга қаратилган фаолият танқидий таҳлил қилинди

Аввал хабар берганимиздек, Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика идоралараро ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон республикасининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, аҳолининг соғлиқни сақлаш, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларини манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Ишчи гуруҳ вакиллари ҳудуднинг алоҳида хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, муаммоларни бартараф этишни илмий жиҳатдан таҳлил қилмоқда.

Хусусан, иш ўринларини яратиш, аҳолини доимий даромад манбаини шакллантириш ва бу борадаги фаолиятни қўллаб-қувватлаш муҳим масала ҳисобланади. Шу боис масъуллар Беруний тумани “Абай” овул фуқаролар йиғинида жойлашган “Беруний буғдой кластер” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ун ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Эътиборлиси шундаки, мазкур корхона 65 нафар маҳаллий ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаган.

Ишчи гуруҳ масъуллари корхона раҳбари билан суҳбат жараёнида, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида Президентимиз ислоҳотларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди, корхона фаолиятини янада ривожлантириш, иш ўринларини ошириш бўйича тавсиялар берди.

Шундан сўнг, туманнинг “Тўқимачи” маҳалласида қурилиши режалаштирилган 2–минтақавий  мувофиқлаштириш маркази биноси лойиҳаси ва вазир ўринбосари Азизбек Икрамовнинг марказ фаолиятига оид тақдимоти билан танишилди. Ушбу марказнинг қурилиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиши келишиб олинди.

Қорақалпоқ ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига ишчи гуруҳ вакиллари ўрганишлар давомида бир-неча марта гувоҳ бўлдилар. Жумладан Беруний тумани “Тўқимачи” маҳалласи ҳудудида жойлашган 35-сон ихтисослаштирилган мактабда 5 муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган тадбирлар бунинг яққол мисолидир. Ушбу тадбирда “Зукко китобхон”, “Заковат”, рассомчилик, миллий ҳунармандчилик, ашула ва рақс, шеърият йўналишлари ҳамда спортнинг волейбол, футбол,  шахмат-шашка турлари бўйича фаол иштирокчилар ишчи гуруҳ масъуллари ташаббуси билан тақдирландилар.

Республика ишчи гуруҳи, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли муаммоларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини Элликқалъа туманида ташкил этилган ишлар билан давом эттирди. Хусусан масъуллар, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” га киритилган 50 нафар маҳаллий аёлларнинг бандлиги таъминлаган “Гулдурсун Нафосати” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. “Сахтиён” маҳалласида жойлашган мазкур корхонада тикувчилик цехи, ёшларни спортга жалб этиш мақсадида ташкил этилган спорт тўгараклари ўтказиш учун спорт зали ҳамда турли хил тадбирлар ва тўй маросимларини ўтказишга ихтисослашган банкет зали фаолият кўрсатмоқда.

Шундан сўнг, туманнинг “Алишер Навоий” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Одамбоев хонадонида имтиёзли кредит асосида ташкил этилган иссиқхона, қуёнчилик, паррандачилик, чорвачилик ва интенсив балиқ етиштириш амалиёти ўрганилди. Сектор раҳбарларига ушбу амалиётни кенг татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўрганишларнинг сўнги кунида ишчи гуруҳ вакиллари Нукус олимпия захиралари коллежида миллий кураш спорт тури бўйича ташкил этилган спорт мусобақасида иштирок этдилар.

Ҳаммамизга маълумки бугунги кунда маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олишда профилактика инспекторларининг рўлини кучайтириш, уларнинг ҳар томонлама билимларини ошириш бўйича Президентимиз томонидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган.

Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг фармойиши асосида шимолий-ғарбий ҳарбий округида профилактика инспекторларини ихтисослаштирилган ўқув-амалий курслари ташкил этилган. Ишчи гуруҳ вакиллари ўқув жараёни ва профилактика инспекторларига яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Бугунги таҳликали замонда кибермаконда содир этилаётган жиноятлардан келиб чиқиб, замонавий профилактика инспекторинг ҳуқуқий, информацион ахборот технологиялари бўйича билим кўникмалари юқори савияда бўлиши лозимлиги масъуллар томонидан таъкидланди. Шу боис ўқув курсларининг муддатини бир ҳафтадан ўн беш кун муддатга узайтириш бўйича топшириқлар берилди. Ўқув жараёнларида ҳар томонлама сафдошларига ўрнак бўлган бир нафар профилактика инспектори муддатидан олдин рағбатлантириш тариқасида майор махсус унвони билан яна икки нафари бошқа турдаги мукофотлар билан тақдирланди.

Ҳозирда ёшларнинг барча қатламлари билан манзилли ишлаш, ёшлар ўртасида айниқса олий таълим муассасалари талабалари ўртасида жиноятчиликни олдини олиш долзарб масала ҳисобланади.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети биносида Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири полковник Ўринбаев Аманбайнинг талабалар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш бўйича тақдимоти билан танишилди.

Қорақалпоғистон республикасидаги 3 кунлик ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давомида 7 нафар Пробация назорати остидаги шахслар ишга жойлаштирилди, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимликлар ва маҳалла вакиллари иштирокида 133 та низоли оила ўрганилиб, 86 та оиланинг маиший муаммоси тўлиқ бартараф этилди.

ИИВ алоҳида ишчи гуруҳи ташаббуси билан олиб борилган кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар давомида 72 та жиноий ва 144 та маъмурий ҳолатлар аниқланди. Илгари жиноят содир этиб ҳозирда қидирувда бўлган 18 нафар шахслар ушланди. Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида олиб борилган тадбирлар давомида 47 та пиёдалар ўтиш йўлаги чизилди, 115 та йўл белгилари ва 1 та светофор ўрнатилди. Махсус авторейд давомида 2812 та қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Қоидабузар ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ишчи гуруҳ томонидан республиканинг барча шаҳар-туманларда аҳолининг муаммоларини бартараф этиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар республика, туман-шаҳар сектор ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинди.

Ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда сектор раҳбарлари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича амалиёти қониқарли даражада эмаслиги таъкидланди.

Сектор раҳбарларининг жиноят муҳокамаларидаги иштироки тўлиқ таъминланмаганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Асосиз хотиржамликка берилиб, фаолиятида бир қатор камчиликларга йўл қўйган сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилот масъуллари аниқланди. Жумладан, Ўрганишлар натижалари бўйича секторлар фаолиятини юритишда камчиликларга йўл қўйганликлари учун Хўжайли туман ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди,  Амударё ИИБ бошлиғи ротация қилинди, Қонликўл давлат солиқ инспекцияси  бошлиғи уч ой синов муддати билан лавозимини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди ва яна туман-шаҳар миқёсидаги 5 нафар прокурорлар, 1 нафар ИИБ бошлиғи ва 3 нафар ДСИ бошлиқлари огоҳлантирилиб, уч ойлик синов муддати билан биринчи ярим йиллик якуни бўйича фаолиятини танқидий кўриб чиқиш белгиланди.

Йўл қўйилган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага