Қуйичирчиқ туманида қидирувдаги ўта хавфли рецидивист ЙПХ инспектори томонидан аниқланиб, ушланди
Жорий йилнинг 11 январь куни Қуйичирчиқ туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор Б.Аманбаев ҳужжатларни текшириш мақсадида «Нексия-2» русумли транспорт воситаси тўхтатган. Текширув вақтида автомобилга тегишли ҳужжатлар йўқлиги ва автоулов бошқа фуқарога тегишли экани инспекторни сергакликка чорлаган.
Маъмурий баённома расмийлаштириш жараёнда ҳайдовчининг ҳаракатлари инспекторда шубҳа уйғотган ва фуқарога тегишли маълумот планшет орқали базага киргизилганда, ҳайдовчи Б.А. қидирувдалиги аниқланган ва у шу вақтнинг ўзида ушланган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасига кўра, ҳайдовчи 1982 йилда туғилган Б.А. Жиноят кодексининг 168 моддаси 2-қисми «а» банди (фирибгарлик кўп миқдорда) ва 3-қисми «Б» банди (фирибгарлик ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилганлиги) билан айбланиб, Зангиота тумани ИИБ томонидан ноябрь ойидан буён қидирувда эканлиги маълум бўлган.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи