Расмий баёнот
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгандан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг, ушбу қонунни қабул қилиш зарурати Белорусияда ўтказилаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вужудга келганлиги тўғрисида турли ноўрин фикрлари шаклланиб бормоқда.
Эслатиб ўтиш жоизки, мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигида йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ ҳанузгача, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермасдан келмоқда.
Шунингдек, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2019 йил 22 декабрда мамлакатимизда ўтказилган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботидаги камчилик сифатида ҳам республикамизда фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини тартибга солувчи бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги кўрсатилган эди.
Шунга асосан, вазирлик томонидан мазкур йўналишдаги халқаро (РФ, АҚШ, Германия, Франция, Эстония, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон Қирғизистон, Қозоғистон) тажрибани чуқур ўрганган ҳолда юқорида кўрсатилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мазкур қонунни қабул қилишдан асосий мақсад, фуқароларнинг ўз ижтимоий фаолликларини митинг, йиғилиш ва намойишлар кўринишида амалга оширишга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек уларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат.
ИИВ Ахборот хизмати