10 февраль 2021 4880

Расмий мурожаат

Сўнгги кунларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига тааллуқли маълумотлар жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Мазкур жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунига мувофиқ расмий ахборот берилганига қарамасдан, мамлакатимиз ва хорижий ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан турли миш-мишларни тарқатиш, давлат идораларининг ваколатлари ва ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари такрорланиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунига мувофиқ жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмайди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни билан тергов органларининг материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш қатъиян тақиқланган.

Жиноят процесси иштирокчисини қўлга олиш билан боғлиқ ҳаракатлар эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунининг 22-моддаси билан тартибга солинади.

Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор-бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш – тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Тергов ва суд органлари ўзининг ваколат доирасидаги фаолиятини, жумладан муҳокама этилаётган ҳолат юзасидан, айбсизлик презумпциясига тўла риоя этган ҳолда ҳамда жамоатчилик олдидаги мажбуриятидан келиб чиқиб олиб борадилар.

Қонун устуворлиги ҳақида бонг ураётган ижтимоий тармоқ фаолларидан юртимиз қонунчилигини ҳурмат қилишларини талаб қиламиз.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага