Республика идоралараро ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги ўрганишлари натижалари танқидий таҳлил этилди
Ўрганишлар давомида Бош прокурор ўринбосари, генерал-майор Шуҳрат Узаков ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икромовлар бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, кўп миллатли халқимизнинг аҳил-иноқ яшашлари учун зарурий шароитларни яратиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган фаолиятини ўрганди.
Мазкур ўрганиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси, бир қатор вазирликлар, Сирдарё вилоятидаги бошқарма ва ташкилотлар, мудофаа ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари, олий ўқув юртлари масъуллари ва ички ишлар органлари фахрийлари иштирокида муҳокама қилинди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов сўзга чиқиб аниқланган камчиликлар юзасидан ахборотини ўқиб эшиттирди. Жумладан, ҳудудларда аҳолини табиий газ билан таъминлаш, тоза ичимлик сувига бўлган талабани қондириш, ички йўллар таъмири бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларда сусткашликка йўл қўйилгани қайд этилди. Фуқаролар айниқса ёшларни бандлигини таъминлаш уларни ҳар томонлама қулай иш ўринларига жойлаштириш масаласида ҳам талайгина муаммолар борлиги таъкидланди. Шунингдек, вилоятда солиқ тушумлари кўрсаткичи пастлиги, миллий гвардия томонидан бозор ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги ишлар қониқарли эмас эканлиги, Адлия органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишни жадаллаштириш лозимлиги, соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига маҳаллабай тиббий хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилмаганлиги, банкларда банкомат етишмаслиги бўйича аниқланган камчиликлар аниқ мисоллар тариқасида келтириб ўтилди.
Йиғилиш давомида вилоят аҳолисининг кайфиятига, жамоат хавфсизлигига салбий таъсир қилувчи муаммо ва масалаларнинг ўз вақтида ижобий ечим топиши кераклиги юзасидан масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган ёки ижросида сусткашликка йўл қўйган бир қатор раҳбар ходимларга интизомий жазо чоралари кўрилиши таъкидлаб ўтилди.
Келгусида аниқланган камчиликлар такрорланмаслиги, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган муаммо ва мурожаатларни ўз вақтида ижобий ҳал этилиши лозимлиги юзасидан аниқ чора-тадбирлар ҳамда йўл хариталари белгилаб олинди.