20 июль 2022 1966

Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилояти аҳолисининг муаммоларини манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда

Давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, кўп миллатли халқимизнинг аҳил-иноқ бўлиб яшашлари учун барча шароитларни яратиб бериш билан бир қаторда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаини яратиш ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни манзилли бартараф этиш бўйича мутасаддилар томонидан аниқ вазифалар бажарилмоқда.

Ушбу масалаларнинг ечимини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда Бош прокурор ўринбосари генерал-майор Шухрат Узақовлар бошчилигидаги идоралараро Республика ишчи гуруҳи Жиззах вилояти аҳолисининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги муаммоларини бартараф этиш бўйича ўрганиш ишларини олиб боришмоқда.

Ишчи гуруҳ масъуллари дастлаб Мирзачўл тумани Боғбон қишлоқ фуқаролар йиғинидаги ўзбек-қозоқ маданият Марказида аҳоли билан учрашув ўтказди. Тадбирда Ички ишлар вазири Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, саноат ва қишлоқ хўжалигини тараққий эттириш, халқаро алоқаларни кучайтириш, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида атрофлича сўз юритди.

Шунингдек, тадбир қатнашчилари томонидан 2019 йилдан Мирзачўл туманида амалга оширилган бунёдкорликлар, маҳалла институтини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида эришилган натижалар тилга олинди. Мазкур мулоқот доирасида китоблар ҳамда халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси, бадиий дасталарнинг концерти, шунингдек меҳнат ярмаркаси уюштирилди. Ишчи гуруҳ масъуллари театр биносидаги хореография тўгараги ва тикувчилик цехи иши билан танишдилар.

Сўнг Дўстлик тумани ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти таҳлил этилиб, ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари ўрганилди. Шу ерда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, подполковник Раҳматулла Бўриев ички ишлар органлари ходимларининг маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган фаолияти тўғрисида ҳисоб берди.

Мазкур жараёнда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2022 йилда вилоятда умумий жиноятлар сони 0,9, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар миқдори 16, қотиллик жинояти 17, ёшлар жиноятчилиги 3,2 фоизга камайганлиги билдирилди. Худди шундай, 314 та оилавий ажримнинг олди олинган. Бугунда вилоятдаги 302 та маҳалланинг 208 таси яшил, 19 таси сариқ, 80 таси қизил тоифага киритилган. Шунингдек, жиноятларни келтириб чиқарувчи сабаб ва омилларни аниқлаш ва бартараф қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Кузатув камераларидан самарали фойдаланиш, ички ишлар органларида ҳисобда турган шахсларга нисбатан профилактик тадбирларни кучайтириш, ёшларни таълимга жалб қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ҳам йиғилганлар диққат марказида бўлди.

Дўстлик тумани ички ишлар бўлимида Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Ҳудайшукуров ҳамда Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова ёшлар ва ўқувчилар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, таълим сифатини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Республика ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Шароф Рашидов тумани давлат солиқ инспекцияси бўлди. Бу ерда Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Ташпулатов вилоятда солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳамда 4-секторда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев қатнашди.

Шу куни ишчи гуруҳ Жиззах вилояти адлия бўлими фаолияти билан танишди. Мазкур жараёнда Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Шакир Саидов ҳудуддаги адлия органлари фаолияти ҳамда соҳа вакилларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлардаги иштирокига батафсил тўхталди. Йиғилганларга масъуллар томонидан вилоят бандлик бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ЖХХ пробация бўлими фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Меҳмонлар Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасида ҳам бўлди. Бошқармада соҳа вакиллари қутқарув ва турли офатларни бартараф этишда фойдаланиладиган ускуна ва воситалар хусусида тушунча беришди. Шунингдек, қутқарув гуруҳи ғаввослари 11 метр чуқурликдаги ҳавзадан жисмни олиб чиқиш амалиётини намойиш қилдилар.

Ўрганишларнинг биринчи куни якунида ишчи гуруҳ Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмга борди. Бу ерда ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги босқичма-босқич оширилмоқда. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ўқув йиғинида қатнашаётган 40 нафар профилактика инспекторлари билан мулоқот жараёнида профилактик ҳисобда турган шахслар билан ишлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида сўз юритди. Якунда вазир ўқувда фаол иштирок этаётган 5 нафар ходимни рағбатлантириш бўйича топшириқ берди.

Республика ишчи гуруҳининг Жиззах вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага