10 август 2022 1452

Республика ишчи гуруҳи Навоий вилоятида ўрганишларини бошлади

Навоий вилоятида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини тизимли ҳал этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген вазиятга таъсир этувчи ижтимоий-маиший муаммоларни бартараф этиш юзасидан сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиб амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг ўринбосари Ш.Узаков ҳамда Ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Икрамов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Навоий вилоятида ўрганишларни бошлади.

Ташрифнинг илк кунида меҳмонлар вилоят Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган «Вазиятлар маркази» фаолияти билан яқиндан танишишди. Таъкидлаш лозимки, айни пайтда марказда 765 та камера интеграция қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнги русумдаги ақлли камералар саналади.

Жумладан улардан 47 таси киши юз қиёфасидан таниш имконини берувчи, 49 та автомашина қоидабузарликларини аниқлаш учун мўлжалланган. Шунингдек, бозорлар, йирик савдо нуқталарида, истироҳат боғларида 23 та 102 тезкор чақирув тугмалари ташкил этилган. Тақдимот давомида Республика ишчи гуруҳи аъзоларига айни пайтда қидирувда бўлган шахслар ҳамда автомашиналарни тезкорлик билан аниқлаш имконияти яратилгани, пробация ҳисобида турган шахслар доимий назоратда экани ҳақида маълумотлар берилди.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ масъуллари марказ фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Эслатиб ўтамиз, ўрганишлар ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида давом этмоқда.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага