29 июнь 2022 2502

Республика ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида ўрганиш ишларини бошлади

Ҳаммамизга маълумки сўнги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини таъминлаш ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳиятига айланмоқда.

Президентимиз томонидан мутасадди раҳбарларга республикамизда мавжуд икки юздан ортиқ шаҳар-туманларининг маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳолининг барча соҳадаги муаммоларини манзилли бартараф этиш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудларда «маҳаллабай», «хонадонбай», «фуқаробай», ҳамда «хавфсиз хонадон» тамойиллари бўйича сектор ва мутасадди раҳбарлари фаолиятининг натижадорлигини таҳлил қилиш мақсадида Қашқадарё вилоятида ўрганиш ишларини бошлади.

Ўрганишлар давомида аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Шу боис ишчи гуруҳ масъуллари Қарши шаҳридаги «Ойдин» маҳалласида жойлашган «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

Мономарказда 32 та йўналиш -касбга тайёрлаш, хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва тадбиркорликни ўргатиш ўқув курслари ташкил этилган. Ушбу марказ йилига 2 790 нафар фуқарони касбга тайёрлаш ва ўқитиш имкониятига эга.

Мономарказда сектор раҳбарлари, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг ҳамкорликдаги фаолияти таҳлил қилиниб, тақдимотлар билан танишилди.

Шундан сўнг Қарши шаҳар «Хонтепа» маҳалласидаги лойиҳа қиймати ­ ­27 миллиард сўмни ташкил этувчи, 2 гектар ер майдонида жойлашган, 20 та лойиҳа - текстиль ва тўқимачилик, мебель саноати ва кимё саноатига ихтисослашган 300 нафар иш ўрнига эга «Ёшлар кичик саноат зонаси» лойиҳаси билан танишган ишчи гуруҳ бу ердаги ишларни янада такомиллаштириш, ишчи-хизматчиларга шарт-шароитлар, қулайликлар яратишга оид тегишли тавсия ва таклифларни берди.

Республика идоралар аро ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари доирасида тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

28 июнь куни амалга оширилган комплекс тезкор-профилактик тадбирлар давомида 21 та жиноий, 32 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди, илгари содир этилиб очилмасдан қолган 2 та жиноятлар фош этилди, 8 нафар қидирувдаги шахслар қўлга олинди.

Махсус «Авторейд» тадбирлари доирасида 834 нафар қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Қашқадарё вилоятида давом эттирмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага