5 май 2022 1154

Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистонда аҳоли муаммоларини “маҳаллабай” ҳал этиш ишлари бошланди

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика идоралар-аро ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон республикасининг барча туман-шаҳарлари аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги муаммоларини манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг келиб чиқиш омиллари ишсизлик ва даромад манбаи йўқлиги деб оладиган бўлсак, албатта бу муаммоларнинг ечими «маҳаллабай» иш услубини ҳаётга тўғри татбиқ этиш ҳисобланади. Шу боис ишчи гуруҳ, сектор раҳбарларининг ташаббускорлиги ҳамда амалга ошираётган ишларининг натижадорлигини танқидий таҳлил қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.03.2022 йилдаги ПҚ-167-сонли «Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисида қарорида меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган эди.

Мазкур устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ масъуллари даст аввал Нукус шаҳарида жойлашган «Қум овул» маҳалласида нуроний ва меҳнат фахрийлари билан учрашди. Учрашувда кекса авлод вакиллари билан дилдан суҳбат қурилди, уларнинг муаммолари ва таклифлари тингланди. Нуронийлар бундай юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирдилар. Ёш авлодни тарбиялаш, маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш, оила-турмуш масалларидаги муаммоларни ҳал этишда фахрийларимизнинг ўрни беқиёс эканлиги масъуллар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Кейинги манзил Нукус шаҳридаги «Теле орай» маҳалласи бўлди. Мазкур маҳаллада ижтимоий аҳволи оғир ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ҳамда сектор раҳбарларининг жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ишлари ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида ҳудудда аёллар ва ёшлар ўртасида жиноят содир этилиши ҳолатлари кўпайганлиги қаттиқ танқид остига олинди. Йўл қўйилган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

Тахиатош тумани «Дўстлик» маҳалласида эса 5 та муҳим ташаббус доирасида спорт, санъат, рассомчилик, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишларда тадбирлар ташкиллаштирилди. Ушбу маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича амалиёти ўрганилиб, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» га киритилган фуқароларнинг доимий даромад манбаини яратиш мақсадида парранда, қуён, майда шохли моллар, инкубаторлар ҳамда қишлоқ хўжалик техникалари тарқатилди.

Шундан сўнг масъуллар Тахиатош тумани «Найманкўл» ОФЙ да Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Тахиатош туманидаги ишчи гуруҳи штабида туманнинг тўртта сектор раҳбарларининг жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кўмаклашиш бўйича олиб олиб бораётган ишлари ўрганилди.

Шунингдек, туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор Ҳурзода Реймқулованинг фаолиятига доир тақдимот билан танишилди. Маълум бўлишича ҳозирда Пробация ҳисобида озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган Эрнепесова Гулшириннинг ижтимоий мослашувини таъминлаш бўйича бир қанча муаммоларга дуч келинаётганлигини кузатилди. Масъуллар томонидан ўрганишлар якунига қадар мазкур муаммоларни бартараф этиш келишиб олинди.

Мазкур штабда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Остона гилам» МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишилди. Ҳозирда корхонада «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари» га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 нафар маҳаллий аёлларнинг бандлиги таъминлаган . Бундан ташқари «Найманкўл» ОФЙ да Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган иссиқхоналарда аҳоли бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилган.

Бугунги кунда ҳудуд тажрибасини яратиш бўйича сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан ташаббускорлик талаб этилмоқда.

Хўжайли тумани «Саришунгул» ОФЙ да жойлашган Ижтимоий шаҳарчани чин маънода «Хўжайли тажрибаси» десак бўлади. Мазкур шаҳарчада 124 та эҳтиёжманд оиланинг 360 нафар аъзолари учун яшаш ва ишлаш шароитлари ҳамда доимий даромад манбаи яратилган. Шаҳарчада болалар боғчаси, тикув цехи, савдо дўконлари, сартарошхона, дорихона, спорт ва болалар майдончалари ташкил этилган.

Ўрганишлар давомида маҳалларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида тезкор-профилактик тадбирлар ҳам олиб борилмоқда. Тадбирларнинг биринчи куни давомида 22 та жиноий, 46 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди, 2 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. Кундузги ва тунги «авторейд» тадбирларида эса 1201 нафар қоидабузар ҳайдовчилар маъмурий жавобгарликка тортилиб, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага