Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида манзилли ўрганиш ишларни давом эттирмоқда
Аввал хабар берганимиздек, жойларда «Инсон қадри учун» тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларни натижалари, жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш, фуқароларнинг муаммоларини «фуқаробай» ва «хонадонбай» ҳал этиш амалиёти ҳамда сектор раҳбарлари фаолиятининг натижадорлигини таҳлил қилиш мақсадида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳамда Бош прокурор ўринбосари Шухрат Узоқовлар бошчилигидаги республика идоралараро ишчи гуруҳи Хоразм вилоятининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, ўрганиш ишларини амалга оширмоқдалар.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ вилоятнинг Гурлан тумани тиббиёт бирлашмаси «Қўшма жароҳатлар бўлими» фаолияти билан танишдилар.
Шифохона жаҳондаги етакчи фирмалар томонидан ишлаб чиқилган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги алоҳида эътироф этилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар тўғрисида ҳисобот берди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари шифохонада бир гуруҳ фахрий-нуронийлар билан учрашиб, туманда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан уларнинг фикр ва мулоҳазаларини тингладилар.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг кейинги манзили Гурлан туманининг Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани билан боғловчи автомобиль йўлида жойлашган «Момокўпир» мунтазам йўл патруль хизмати маскани бўлди.
Мазкур масканда хизмат олиб бораётган ходимлар билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнида уларнинг ишчанлик кайфияти ўрганилиб, масканда ходимлар ҳамда ҳайдовчи ва йўловчилар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Жараёнда, Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Б.Машариповнинг вилоятда жорий йилнинг 6 ойи давомида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари ва келгусида ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига илғор инновацион технологияларни жалб этиш юзасидан топшириқ ва тавсиялар берилди.
Давлат раҳбарининг топшириқларига кўра, аҳолини бандлигини таъминлаш, ёшлар учун қўшимча иш ўринларини узлуксиз яратиб бориш бугунги кундаги энг муҳим масалалардан биридир.
Шундан келиб чиққан ҳолда ишчи гуруҳ аъзолари Гурлан туманида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган манзилли чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш учун “Gurlan Global Text” корхонасида бўлдилар.
Айни кунда 1200 нафардан зиёд ишчи-хизматчи фаолият кўрсатиб келаётган мазкур корхонада тайёрланган кийим-кечаклар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу эса корхонанинг узлуксиз фаолият кўрсатиши ва ишчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич ошириб бориш имконини бермоқда.
Корхона раҳбарлари билан мулоқот жараёнида эса уларнинг ишлаб чиқариш турлари ва миқдорини ошириш эвазига қўшимча иш ўринлари яратиш борасидаги режалари маъқулланди ҳамда туман сектор раҳбарларига бу борада зарур амалий кўмаклашиш тўғрисида топшириқ берилди.
Ташриф сўнгида тумандаги секторлар раҳбарлари иштирокида ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни жиловлаш борасида амалга ошириб келаётган ишлари таҳлил этилди. Амалга оширилган фаолият таҳлилидан келиб чиқиб туманда жиноятчиликни олдини олиш, рўй берганларини фош этиш борасида сектор раҳбарлари тақдимоти ва ҳисоботини тинглаб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган тавсия ва таклифлари берилди.
Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати