4 август 2022 1420

Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги манзилли ўрганишлари давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, жойларда «Инсон қадри учун» тамойили асосидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши, бунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий барқарорликка салбий таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаб бартараф этиш, аҳоли муаммоларини “фуқаробай” ва “хонадонбай” ҳал этиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни “маҳаллабай” жиловлаш ҳамда сектор раҳбарлари фаолиятининг натижадорлигини таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурорининг ўринбосари Шухрат Узаков ҳамда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икрамов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишларни давом эттирди.

Асосий эътибор жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» рўйхатида турувчи фуқароларни касбга йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бирма-бир кўздан кечирилди.

Жумладан, Қоракўл тумани давлат солиқ инспекцияси биносида туман ҳокими томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги истиқболли режалар ва инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Шунингдек вилоят 4-сектор раҳбари, Солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан «Солиқчи — тадбиркорга кўмакчи» тизими асосида ташкил этилган тадбирлар ва 4-секторга қарашли ҳудудларда “маҳаллабай” тизим асосида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Туман Давлат Хизматлари Агентлиги биносида Адлия бошқармаси ҳамда Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар, ҳуқуқий тарғибот ва фаолиятни янада ривожлантиришга доир таклифлар кўриб чиқилди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Бухоро шаҳридаги «Ишга марҳамат» Мономаркази бўлиб, бунда марказ фаолияти яқиндан ўрганилиб, вилоят Бандлик бош бошқармаси, вилоят ИИБ Пробация бўлими ва вилоят ИИБ ТЭҚКБ масъул раҳбарларининг узоқ муддатга кетганларни ватанга қайтариш, уларнинг бандлигини таъминлаш, Пробация хизматларининг назорати остида турувчи шахсларни касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш борасида амалга ошираётган тадбирлари тўғрисида ҳисоботи эшитилди.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭД 6-минтақавий ҳудуд 4-сонли Тергов ҳибсхонасида бўлиб, бунда маҳкум ва маҳбусларга яратилган шароитлар билан танишилди.

Шу билан бирга ишчи гуруҳ вилоят Божхона бошқармасида ҳам бўлиб, ушбу тизимларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги кўрсаткичлари ҳамда мавжуд муаммоларни ҳам бир-бир ўргандилар.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов вилоят ички ишлар ҳамда туман мутасаддилари билан биргаликда Пешку туманида ҳам бўлиб, туман Ички ишлар бўлимининг янги биноси ва унда ходимлар ҳамда аҳоли учун қулайлик ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этмоқда.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага