22 июль 2022 1944

Республика ишчи гуруҳининг Жиззах вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда Бош прокурор ўринбосари генерал-майор Шухрат Узақовлар бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи томонидан вилоят ҳудудида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган фаолият самарадорлиги таҳлил қилинмоқда.

Жумладан, ўрганишларнинг навбатдаги куни ишчи гуруҳ масъуллари Фориш туманидаги ҳарбий тоғ полигонида бўлди. Белгиланган режа асосида ҳарбий ва жанговар тайёргарликдан ўтаётган вилоят ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тайёргарлиги, техника, қурол ва воситалардан фойдаланишга доир маҳорати ҳамда мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга оид билим ва тажрибалари синовдан ўтказилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Шу ерда ички ишлар органлари фахрийлари билан мулоқот ташкил этилди. Тадбирда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлашда соҳа фахрийларининг бой тажрибасидан фойдаланиш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Якунда мамлакатимизнинг қадимий шаҳарларига фахрийлар саёҳатини ташкил этишга келишиб олинди.

Кейинги манзил Жиззах вилояти прокуратураси бўлди. Бу ерда дастлаб Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор штаби фаолияти ўрганилди. Маълум бўлишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг 2-секторида яшовчи эҳтиёжманд фуқароларга 30 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, 2 588 та тадбиркорлик субъекти 65,9 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит билан таъминланган. Сектор масъуллари «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турганларга кўрсатилаётган ёрдам ва ҳудудларда ташкил этилаётган спорт мусобақалари ҳақида маълумот бердилар.

Вилоят прокуратурасининг «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ҳамда инвестиция дастурларининг бажарилиши, қурилишлар сифатини назорат қилиш, ер участкаларининг ноқонуний эгаллаб олинишига қарши курашиш ҳамда мажбурий ижро бюроси ходимларининг ундирувга оид фаолияти таҳлил қилинди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди.

Вилоятдаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага