Республика Маънавият ва маърифат маркази билан Меморандум имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ўртасида жазони ижро этиш тизимида маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, маҳкумларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, маънавият ва маърифат соҳасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан Меморандум имзоланди.
Унда мамлакатимизда маънавият ва маърифат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини етказишга қаратилган тарғибот тадбирларини жазони ижро этиш муассасаларида кенг кўламда ташкил этиш, дунёда рўй бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича учрашувлар ўтказиш, манзилли режалар ишлаб чиқиш, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, тренинглар ва бошқа тарғибот-ташвиқот тадбирларини самарали ташкиллаштириш юзасидан келишиб олинди.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, буюк аждодлар меросига ҳурмат, мустақилликка садоқат, юксак ватанпарварлик руҳини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Ахборот хизмати