19 февраль 2022 2229

Самарқандда такси ҳайдовчилардан тамагирлик қилиб келган жиноий тўда фаолиятига чек қўйилди

Самарқанд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан 16 февраль куни ўтказилган тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи ҳайдовчилардан тамагирлик қилиб келган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган 7 нафар шахслар  «Самарқанд-Навоий» ва «Самарқанд-Бухоро» йўналишида қатновчи ҳайдовчилардан зўравонлик ва товламачилик йўли билан, доимий йўналишда таксичилик қилиш учун 300-500 АҚШ доллари ҳамда кунлик қатновчи ҳайдовчилардан 30.000-50.000 сўмгача пул маблағларини тамагирлик йўли билан ундириб келишган.

Жиноий гуруҳ аъзоларининг фаолиятига қарши чиққан ёки сўралган пул маблағларини бермаган фуқароларга нисбатан гуруҳга ёлланган бир гуруҳ уюшган спортчилар орқали жисмоний тазйиқ, зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказиб келишган.

Ўтказилган тезкор тадбирда гуруҳ етакчилари «В.Ф.» ва «Э.Д.»лар тадбирга жалб қилинган фуқароларга товламачилик қилаётган вақтида жиноят устида қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар «В.Ф.» ва «Э.Д.»ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилди.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага