17 май 2022 262

Самимий мулоқотлар

Ҳар қанча фахрлансак арзийдики, она Ватанимизда дунёнинг манаман деган тарихий қадамжолари билан бўйлаша оладиган масканлар талайгина.

Хусусан, Хоразм азалдан ўзининг бетакрор тарихий обидалари билан дунё аҳлининг ҳайратига сазовор бўлиб келган. Айни кунларда ўтмиш ва замонавийликни ўзида мужассам этган бу боқий ва кўҳна диёр маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳлар билан гавжум.

Ички туризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш, қолаверса, бирлашган таҳририят жамоасининг муштарийлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида қадимий Хоразм вилоятига ташриф буюрар эканмиз, эртаклар юрти билан боғлиқ афсоналар кўз олдимизда гавдаланди...

Қуйида сафар таассуротлари ҳақидаги айрим материаллар билан танишишингиз мумкин.

Ижодий жамоамизнинг қадимий ва афсонавий ўлкага саёҳати давомида Хива тумани ИИБ шахсий таркиби билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Хоразм азалдан улуғ алломалар, буюк олимларга Ватан бўлгани, бу муқаддас заминдан кўплаб юксак истеъдод соҳиблари, кураги ерга тегмаган полвонлар, довруғи дунёга достон саркардалар етишиб чиққани таъкидланди.

Бирлашган таҳририят бош муҳаррири, полковник Б.Садикова хоразмлик осойишталик посбонларининг жасоратга йўғрилган хизмат фаолияти нашрларимизда ўз аксини топаётганини айтаркан, улар орасида ноёб истеъдод соҳиблари борлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбирда бирлашган таҳририят масъул котиби, шоир Жаҳонгир Шарофбоев ўқиб берган шеърлар хоразмлик адабиёт ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.

- Газета-журналларнинг мазмун-мундарижаси бойиб бораётгани ўқувчи сифатида мени қувонтиради, - дейди Хива тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, майор Жаҳонгир Отажонов. - Айниқса, сўнгги вақтларда ҳамкасбларимизнинг хизмат фаолиятидан ташқари «Ўқишни тавсия қиламан», «Буюк сиймолар», «Муқаддас қадамжолар», «Бир қўшиқ тарихи» рукнларида берилаётган материаллар ўзининг мазмундорлиги билан муштарийларга манзур.

Ходимлар иштирокида ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда газета-журнал саҳифаларида чоп этилган материаллар муҳим манба вазифасини ўтамоқда.

Ижодий учрашувда бадиий адабиётлардан иборат китоблар жамланмаси туман ИИБ кутубхонасига совға қилинди. Ўз навбатида, мезбонлар ҳам Хоразм, унинг тарихи, улуғ алломалари ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий китоблар гулдастасини тортиқ қилишди.

Шерзод Абдусамадов, «Postda» мухбири.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага