29 май 2023 689

Оилавий нотинчлик

Ҳақорат ва жанжаллар муштлашувга олиб келди, натижада эса ҳолат бўйича жиноий иши қўзғатилди. Воқеанинг бошланиши ёш оиладаги тез-тез бўлиб турган жанжаллар сабаб бўлди.

24 ёшли Асрорнинг (исм-шарифлари ўзгартирилган) уйида тўю-томошалар авжида эди, улар синглисини янги ҳаётга кузатишарди. Ҳамма тадбирлардан сўнг ҳаёт бир маромда оқа бошлади. Ҳаммаси яхшидек туюларди. Ота-онасининг гапларига кўра, янги оиласи синглисини ўз қизларидек қабул қилишган. Барчамиз яқинларимизга ғамхўр бўлишга интиламиз, Асрор ҳам катта ака сифатида унга тез-тез қўнғироқ қилиб турарди, нима ёрдам керак, деб қизиқарди. У дўстлари орасида ўзига ишончи баланд, унга суяниш мумкинлиги билан ажралиб турарди. Феъли фақат сал “тезроқ” эди.

Бир куни синглиси уларникига меҳмонга келганида унинг табассуми ортидаги хомуш кўзларини кўриб ҳайрон бўлди. Ёлғиз қолишганда ҳаммаси жойидами, деб сўради. У бошини чайқаб қўйди ва шу пайт акаси билакларининг кўкарганлигини кўриб қолди. Буни сезган синглиси енги билан ўша жойни беркитишга ҳаракат қилди. “Бу қандай рўй берди?», — сўради Асрор. “Урилиб кетдим”, — деган жавоб бўлди. Ишончсизлик билан гапириши унинг шубҳаларини янада мустаҳкамлади. Шунда унинг кўнглига нотинчлик жойлашиб олди. Оила аъзоларига ҳеч нима демасдан янги қариндош билан юзма-юз гаплашишни лозим топди.

Эртаси куни куёвига қўнғироқ қилди ва офисига таклиф қилди. Вақт ўтиб пастга тушганида у ёлғиз келмаганини кўрди. Шунда Асрор ёлғиз гаплашишдан чўчиётганини фаҳмлади. Асрор уни офисга келишга ундаркан, у анча вақт бунга кўнмай турди. Асрор куёви Камолга (куёвининг исми шунақа эди) бўлган воқеани кўчада одамлар кўз олдида муҳокама қилмаслигини айтади. Асрорнинг хонасига кўтарилишиб, эркакча гаплашиб олишганди. Камол оилаларида бўлиб ўтган жанжаллари сабабини тушунтириб берганди ва бошқа синглисига бошқа қўл кўтармасликка ваъда берган. Қўл ташлашиб, хайрлашишган эди. Бир ой ҳам ўтар-ўтмас вазият яна такрорланди. Бундан хабар топган Асрор шу заҳотиёқ куёвнинг уйи томон отланди, йўлдан 25 ёшли дўсти Ёқубни олиб олди. Асрорнинг кўнглида нафрат жўш урарди. Куёвни уйига яқинлашаркан, унга қўнғироқ қилиб, маҳалласидаги йўл бошига чиқиб туришини айтади. Камол етиб келди, бу сафар у билан акаси ҳам келганди. Машинадан чиқиб, ҳар иккала томон бир бирини ҳақоратлай кетди. Асрор ўзини тутиб туролмади. Нафрати шу қадар қўзигандики, ақл-у ҳушини йўқотиб қўйди, гўё. Камолга тан жароҳати етказди. Шу пайт жанжалга дўсти Ёқуб ҳам қўшилди ва ака-укаларни ура кетди. Муштлашувни етиб келган қариндошлар тўхтатиб қолишди.

Камол ички ишларга ариза билан мурожаат этди. Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов якунлангач, жиноят иши қонуний қарор қабул қилиш учун суд органига жўнатилди. 24 ёшли Асрор суд курсисидан жой олди, бу ҳолат унга ҳар қандай зиддиятли вазиятда ўзини сокин тутиш лозимлигини, уруш ва муштлашиш яхшиликка олиб келмаслигини ўргатди, деб ўйлаймиз. Қонун ҳамма нарсадан устуворлигини тан олиб, синглисига дўппослашлар бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш лозимлигини уқтириш тўғрироқ бўларди. Бундан ташқари, у сабаб 25 ёшли дўсти Ёқуб ҳам жанжалга аралашиб қолди ва энди унга ҳам қилмишлари учун жавоб беришига тўғри келади.

Мазкур жиноят тафсилотлари билан бизни Яшнабод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси капитан Ф.Иргашев таништириб ўтди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага