19 сентябрь 2022 757

ШҲТнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) нуфузли ва энг йирик минтақавий ташкилот сифатида тинчлик, хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим ўринга эга.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди Евросиё қитъасининг 60 фоизини, аҳолиси эса 3,2 миллиард кишини ташкил этади. Қолаверса, ҳозирга келиб ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти жаҳон кўрсаткичининг чорак қисмига етди, мазкур кўрсаткич 2030 йилга бориб 35-40 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Маълумки, ШҲТнинг асосий вазифалари сирасига минтақавий хавфсизликни кафолатли таъминлаш, «уч ёвуз куч» - терроризм, экстремизм,айирмачилик ҳамда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш каби долзарб масалалар киради.

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида халқаро майдонда рўй бераётган кескин ўзгаришлар шароитида ШҲТ ўзини кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида намоён этиб келмоқда.

Қисқа давр ичида ШҲТнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси ва таркибий тузилмалари ҳамда мунтазам ташкил этиладиган турли даражадаги идоралараро муҳим тадбирлари фаолияти, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Жумладан, ШҲТнинг доимий фаолият юритадиган икки тузилмаси - Пекин шаҳридаги ШҲТ Котибияти ва қароргоҳи Тошкентда жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тизими (МАТТ) 2004 йилдан буён самарали фаолият юритмоқда.

Тузилманинг фаолияти терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органларига кўмаклашиш, уларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга қаратилган.

Ўтган давр мобайнида МАТТ томонидан ШҲТга аъзо давлатларнинг янги хавф ва таҳдидларга қарши курашда ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама ва икки томонлама механизмларини ўз ичига олган умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, МАТТ террористик, экстремистик ва айирмачилик фаолиятларини аниқлаш ва бартараф этиш йўналишида изчил ишларни олиб бормоқда.

ШҲТ таъсисчиларидан бири ва фаол аъзоси эканлиги, қолаверса, Минтақавий аксилтеррор тузилманинг айнан пойтахтимизда ташкил этилганлиги Ўзбекистоннинг ташкилот олдига қўйган мақсадларни амалга оширишда етакчи давлатлардан бири сифатида майдонга чиқаётганидан далолат беради.

Бугунги кунга келиб, ШҲТ ва МАТТ фаолияти янги босқичга кўтарилганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, ҳозирги таъминот занжири узилиши билан боғлиқ халқаро ва минтақавий шароитда ШҲТ олдида хавфсизлик масалаларидан ташқари, бир қатор ечимини кутаётган долзарб вазифалар ҳам мавжуд.

Хусусан, иқтисодиёт соҳасида минтақавий ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш алоҳида эътиборга молик.

Зеро, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлашга эришиш ва мавжуд вазиятда давлатларнинг фаровон тараққиётига эришиш мумкин.

Бунда, ўзаро савдо муносабатларидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, божхона фаолиятини мувофиқлаштириш ва рақамлаштириш, давлатлараро электрон тижоратни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришга йўналтирилган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалиётга татбиқ этиш муҳим саналади.

Жаҳонда юз бераётган таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз ўз олдига ШҲТ фаолиятини янги мазмун-моҳият билан бойитиш, хусусан, транспорт-транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли тараққиёт, иқтисодий ўсишнинг янги йўналишларини белгилаш, иқлим ўзгаришлари ва экологик хавф-хатарларга қарши кураш борасидаги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш каби вазифаларни қўйган бўлиб, уларнинг амалий натижаси ташкилотнинг келгуси мавқейини янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.

Авазбек Холбеков, «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи.

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага