12 февраль 2022 793

Шижоатда тобланган ҳарбий

Умрини юрт хизматига бағишлаган инсон ҳаёт синовларини мардонавор енгиб ўтиш баробарида, ўзига хос тажриба мактабини ҳам яратади. Бундай кишиларнинг ҳаёт йўли ёшлар учун том маънода ибратдир. ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7533-ҳарбий қисм командири, полковник Равшанбек Розумовни ҳам ана шундай инсонлар сирасига киритишга ҳақлимиз.

...Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида туғилган Равшанбек шу тумандаги 2-мактабни битиргач, ҳарбий хизматга отланди. Йигитлик бурчини ўтаб бўлгандан кейин ҳарбий соҳага қизиқиши боис шартнома асосида хизматни давом эттирди. Шу орада Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртига ҳужжат топширди.

Синовлардан муваффақиятли ўтиб, тингловчилар сафидан жой олди. Олийгоҳда намунали ўқиш билан бирга, курсантлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақаларида ҳам фаол қатнашди, совринли ўринларни қўлга киритди.

Билим юртини тугатган лейтенант Равшанбек Розумов ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7377-ҳарбий қисмда гуруҳ командири лавозимида илк хизматни бошлади. Тиришқоқлиги, ўз устида ишлаши, берилган топшириқларни бекам-кўст уддалаши билан раҳбарият эътиборини қозонди.

Шунингдек, севимли машғулоти бокс билан шуғулланишни ҳам канда қилмади. Натижада 2007 йилда Мудофаа вазирлиги тизимида ўтказилган «Энг яхши ҳарбий қисм командири», сўнгра «Энг яхши батальон командири» танловларида ғолибликни қўлга киритди. Шу орада Қуролли Кучлар Академиясида таҳсил олди.

Етарли тажриба ва малакага эга бўлган Равшанбек Розумов кейинчалик Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий қисмга раҳбарлик лавозимига тайинланди.

Киришимлилиги, ташаббускорлиги, интилувчанлиги боис тезда ҳамкасблари ишончини қозонди. Ундаги ўз касбига бўлган масъулият ва интилиш кейинги йилларда ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги штаб бошлиғи ўринбосари лавозимида самарали фаолият юритишида мустаҳкам пойдевор бўлди. Равшанбек Розумов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қайси соҳасида ишламасин, зиммасидаги масъулиятни дилдан ҳис этиб, билдирилган ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилди.

Қаҳрамонимиз ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Қарши шаҳридаги 7533-ҳарбий қисм командирлигига тайинлангач ҳам кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Шахсий таркибнинг хизмат интизоми ва қонунийликка қатъий риоя этишига қаратилган тадбирларни мунтазам ўтказиш билан бирга, ҳар бир ҳарбий хизматчининг оилавий шароитини ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.

Ватан равнақи, юрт осойишталиги йўлида қилинган хизмат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаган. 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни арафасида Равшанбек Розумов Президентимиз фармонига кўра, «Мардлик» ордени билан тақдирланди. Шу билан бирга, унга «полковник» махсус унвони берилди.

«Ўзликни унутмасдан, эришган натижалардан ўзиб кетишга интилиш керак» деган шиор мени ҳаётда доим олға интилишга чорлайди, - дейди полковник Равшанбек Розумов. - Камтарона хизматларим юксак давлат мукофоти ва ҳарбий унвонга лойиқ топилганидан ғоят миннатдорман. Бу вазирлик тизимида хизмат қилаётган барча фидойи ходимлар хизматига берилган юксак баҳодир.

Полковник Р.Розумов нафақат талабчан ва тажрибали раҳбар, балки намунали оила соҳиби ҳам. У турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандни вояга етказмоқда. Катта ўғли Камолиддин ота касбига ҳавасманд бўлиб улғаймоқда.

Содиқ Раҳимов, «Postda» мухбири. Қашқадарё вилояти.

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага