Жорий йилнинг 18 май куни Тошкент шаҳрига расмий ташрифи давомида Сингапур давлати Ички ишлар ва адлия вазири Касивисванатхан Шанмугам билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
Маълумки, жорий йил 17 январдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи давомида Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб ҳамда Бош вазир Ли Сян Лун билан бўлиб ўтган учрашувларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган эди.
Мазкур вазифаларни амалий ижросини таъминлаш мақсадида, “Тошкент ҳуқуқ баҳори” (Tashkent law spring) 3-халқаро форумида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турган Сингапур давлати Ички ишлар ва адлия вазири Касивисванатхан Шанмугам билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Томонлар, бугунги кундаги турли хавф-хатар ва таҳдидлар, халқаро терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳвандлик ва бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашиш масалалари ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ва тажриба алмашиш борасида фикрлашдилар.
Сингапур бугунги кунда қонун устуворлиги ва аҳолининг полиция органларига бўлган ишончини баҳолашга доир бир қатор халқаро рейтингларда доимий равишда энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда, шунингдек Сингапурнинг ахборот технологиялари соҳасида, айниқса, замонавий ахборот хавфсизлиги борасидаги тажрибаси дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган.
Шундан келиб чиқиб, томонлар икки давлат вазирликлари ўртасида доимий мулоқот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, трансмиллий жиноятларга оид тезкор маълумотлар билан алмашиш, мунтазам равишда соҳа мутахассисларининг малака оширишларига шароит яратиш ҳамда кибержиноятларга қарши курашишнинг самарали усуллари бўйича ўқув курслари ва тренингларни ташкил этишга келишиб олишди.
ИИВ Ахборот хизмати