Интерполнинг “Geiger” лойиҳаси ишчи гуруҳи йиғилишида Интерпол ММБ ҳамда республиканинг тегишли хизматлари ва бўлимлари ходимлари иштирок этди
Жорий йилнинг 7 июнь куни Грузиянинг Батуми шаҳрида Интерполнинг Тбилисидаги Миллий марказий бюроси мувофиқлаштирувида Халқаро жиноий полиция ташкилоти (ICPO) Интерпол Бош котибияти ташаббуси билан Интерполнинг «Geiger» (Қора денгиз, Кавказ ва Марказий Осиё ҳудудлари) лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳининг учрашуви бошланди. Унда Интерпол ММБ, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ядро физикаси институти ходимлари ва экспертларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Ишчи гуруҳ йиғилиши Грузия ички ишлар вазири ўринбосари Г. Бутхуз ҳамда Интерполнинг БК радиациявий ва ядровий терроризмнинг олдини олиш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича катта менежери А. Мосбиларнинг кириш сўзи билан очилди.
Учрашув чоғида «Geiger» лойиҳаси менежер ва таҳлилчилари минтақавий ва глобал ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ахборот алмашиш орқали радиологик ва ядровий терроризм таҳдидларига қарши курашишда ташкилотга аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб ўтишди.
Ўнта давлат вакиллари иштирок этаётган мазкур учрашув Арманистон, Озарбайжон, Болгария, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Руминия, Туркия ва Ўзбекистон каби мамлакатларнинг радиоактив ва ядровий материаллар ва чиқиндиларни ноқонуний олиб ўтиш жиноятлари билан боғлиқ юзага келадиган таҳдидлар ва тенденцияларнинг олдини олиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш бўйича муҳокама ва ҳал этишнинг кенг имкониятларини берувчи майдонга айланиши кутилмоқда.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси