26 ноябрь 2021 4476

Сохта веб-ресурсдан эҳтиёт бўлинг, ундан интернет-фирибгарлар фойдаланади

Сўнгги вақтларда интернет-фирибгарлари томонидан фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини турли хил ноқонуний услублар ёрдамида талон-тарож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган интернет мониторинги давомида, интернет-фирибгарлари томонидан ўзларининг бу каби жиноий мақсадларини амалга оширишлари учун “Click” МЧЖнинг расмий веб-сайтига ўхшаш бўлган ресурс (ҳаволаси: https://click.payer84849.ru/unlock68176685) фаолиятини йўлга қўйиб, унинг имкониятларидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.

Мазкур «фейк» ресурс орқали рўйхатдан ўтмасдан туриб, 13 млн. сўмни олиши мумкинлиги, бунинг учун фойдаланувчиларнинг телефон рақами ва унга боғланган банк пластик картаси маълумотлари (карта рақами, амал қилиш муддати) ҳамда смс тариқасида келган тасдиқлаш кодини киритишлари талаб этилади.

Натижада, катта маблағга эга бўлиш истагида бўлган фойдаланувчи тасдиқлаш кодини «фейк» ресурсга киритиши билан интернет-фирибгар томонидан банк пластик картасини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритилишига ва ундаги маблағларни ноқонуний равишда эгалланишига шарт-шароит яратади.

Шу сабабли, барча интернет фойдаланувчиларини, айниқса “Click” МЧЖ мижозларини мазкур «фейк» веб-ресурснинг ноқонуний фаолияти тўғрисида огоҳ бўлишларини, тўлов тизимларидан фойдаланаётганларида эса, уларнинг расмий веб-сайтларида тақдим этилган хизматларга мурожаат этишларини сўраб қоламиз.

Огоҳ бўлинг! Интернет-фирибгарлари томонидан яратилган сохта веб-ресурсларга кириб, енгил йўллар билан даромад топиш тўғрисидаги ёлғон хабарларга ишониб қолманг!

ИИВ Киберхавфсизлик маркази

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага