18 июнь 2021 1009

Таниқли актриса номидан фейк аккаунт очиб, одамларнинг пулларини ечиб олган 10-синф ўқувчиси аниқланди

Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Д.К. жорий йилнинг 15 март куни Нукус шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, куни кеча, яъни 14 март куни қизи Н.Р.нинг “Instagram” ижтимоий тармоғидаги профилига “giveaway-asal” ва “asalshodieva_dar1t” номи билан очилган номаълум профиль эгаси томонидан “Сиз 200 000 сўм пул мукофотини ютиб олдингиз” деган мазмундаги ёзма хабарнома келганлиги, профиль ортидаги номаълум шахс билан ёзишма жараёнида, унинг алдовларига ишониб ўзига тегишли Uzcard банк картасининг коди ва паролини ёзиб берганлиги, сўнг шу куни соат 21.00ларда банк картасида мавжуд бўлган жами 600.000 сўм миқдордаги пули йўқолганлигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор-техник тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни содир этган Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳрида яшовчи 2003 й.т. фуқаро А.А. аниқланди.

Ҳозирда ушбу фуқаронинг бошқа турдош жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги яна бир бор огоҳлантиради, банк карталарингизнинг коди ва паролини ҳеч қандай шароитда, ҳеч кимга маълум қилманг, содда бўлманг, фирибгарларнинг найрангларига тушиб қолманг.

ИИВ Киберхавфсизлик маркази

© 2006-2021. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага