“Tashkent Book Fest” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида Ички ишлар ходимлари фаол иштирок этишди. Китобсевар соҳа вакиллари тадбир давомида Ички ишлар вазири томонидан рағбатлантирилди
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни «Ўзэкспомарказ»да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ташаббуси билан анъанавий ўтказиладиган “Tashkent Book Fest” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Халқаро тадбирда қатор хориж ва қўшни давлатлар, жумладан, Арманистон, Беларусь, Буюк Британия, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Ҳиндистон давлатларидан соҳа мутасаддилари, етакчи нашриётлар, китоб савдо ташкилотлари вакиллари, маҳалий матбаа ва ноширлик корхоналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирок этмоқда.
Тадбирда нафақат ноширлик ташкилотлари вакиллари балки шу билан биргаликда Ички ишлар тизимида хизмат қилувчи китобхон ходимлар хам катта қизиқиш ва мамнуният билан қатнашмоқдалар.
Кўргазманинг биринчи кунида очилиш маросими ва машхур ёзувчиларнинг китоблар тақдимоти ҳамда ноширлик соҳасига оид қизиқарли семинарлар бўлиб ўтди.
III халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг иккинчи кунида ҳам Ички ишлар вазирлигига қарашли таълим масканлари ўқувчи ҳамда курсантлари шунингдек барча сохавий хизматлардан ходимлар фаол иштирок этишди. Қолаверса тадбирнинг ушбу кунида турли ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, китоблар тақдимоти ва бадиий концерт дастури бўлиб ўтди.
Тадбир сўнгида унда иштирок этаётган энг фаол китобхон ходимларга Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан 1 млн сўмлик китоблар жамланмаси топширилди.
Ушбу совға эса айтиш мумкинки ҳар бир китобхон ходим учун жуда қувонарли рағбатлантириш бўлди.
“Tashkent Book Fest” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 4 ноябрь куни якунланади.