31 август 2022 3024

Телеграм орқали аёлларга туҳмат ва ҳақорат билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир

ИИВ ЖҚББ Уюшган жиноятчилик ва қурол билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ ҳамкорлигида интернет орқали аёлларни ҳақорат қилиб, уларни фоҳишаликда айблаб туҳмат қилиб келаётган жиноий гуруҳни аниқлаш юзасидан олиб борилган тезкор тадбирлар ташкил этилди.

Аниқланишича, жиноий гуруҳ 200 дан ортиқ аёлларнинг суратлари, телефон рақамлари, исмларини «Телеграм»даги каналга ёпиқ профиль орқали жойлаштириб келган.

Шунингдек, ғаразли ва паст ниятларни кўзлаган ҳолда мазкур аёллар пул эвазига фоҳишалик билан шуғулланиб келишлари ҳақида туҳмат қилиб, жабрланувчи аёллар ўз суратларини мазкур каналдан ўчириб ташлашни талаб қилган вақтларида уларни турли куракда турмайдиган уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб келаётганлиги ҳақида маълумот олинди.

Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида, мазкур жиноий ҳаракатларни 1982 й.т., муқаддам МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат) билан жавобгарликка тортилган, Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида яшовчи М.Ш. ва 2003 й.т., Қашқадарё вилояти, Китоб туманида яшовчи Р.С.лар амалга ошириб келаётганликлари аниқланди. Улар фойдаланиб келаётган телефонларда уларнинг жиноий фаолиятини тасдиқловчи ёзишмалар аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 139-140-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага