19 сентябрь 2022 449

Тергов-тезкор тадбирлари натижасида олиб қочилган автоулов ўз вақтида топилди

Тошкент шаҳрида 2022 йил 15 сентябрь куни соат 05:00 ларда, номаълум шахс транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида, Шайхонтоҳур тумани «Гулобод» маҳалласида жойлашган 41-сонли мактаб биноси олдида бўла туриб, шу ерда қаровсиз ҳолда қолдирилган, 37 ёшли У.Ч.га тегишли «NEXIA 2» русумли автомашина эшигини ўз ёнида бўлган сих ёрдамида очиб, автомашинанинг ўт олдириш мосламасида қолдирилган калити ёрдамида ўт олдириб, олиб қочганлиги аниқланган.

Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари давомида, шу куннинг ўзида соат 11.30ларда мазкур автомашина Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган «Корзинка.уз» савдо маркази олдида ҳаракатланиб кетаётган вақтида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчининг шахси текширилганда, у Тошкент вилоятида яшовчи муқаддам судланган 20 ёшли А.С. эканлиги аниқланган ва қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан қўзғатилиб, у процессуал тартибида ушланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Ахборот хизмати

© 2006-2022. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага