13 ноябрь 2022 3391

Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант П.Р. Бобожоновнинг байрам табриги

Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

Аввало, ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз азизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан
ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходим ва ҳарбий хизматчилар номидан самимий табриклайман.

Сўнгги йилларда юртимизда «Барча ислоҳотлар инсон қадри учун!» деган эзгу тамойил асосида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Кейинги даврда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, фармон ва қарорлар ҳамда 2019-2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганлиги, ислоҳотлар жараёнида айнан тиббиёт соҳасига чуқур эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир.

Жорий йилнинг март ойида мамлакатимиз тарихида илк маротаба Давлатимиз раҳбарининг ўн минг нафардан зиёд соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказгани, унда эришилган ютуқлар билан бирга муаммо ва камчиликлар таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилгани ҳам тиббиёт соҳасига бўлган эътибор намунасидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиётнинг уч босқичли миллий модели – бирламчи тиббий-санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғи яратилди.

Тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев соҳа вакилларига қарата: «Биз ўз олдимизга қўйган буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина қодир бўлишини албатта барчамиз яхши тушунамиз. Ана шундай баланд марраларга эришишда эл-юртимиз дардига ҳамиша дармон бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қиласиз, деб ишонаман», дея таъкидлаганлар.

Дарҳақиқат, бу сўзлар ҳар бир тиббиёт соҳаси ходимига чексиз фахр-ифтихор бахш этиш билан бирга, зиммасига янада улкан масъулият ҳам юклайди.

Халқимиз тиббиёт соҳаси ходимларини дунёдаги энг олийжаноб касб эгалари, фидойи инсонлар сифатида билади ва машаққатли меҳнатингизни доимо юксак қадрлайди.

Ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт бошқармаси тизимида республика даражасидаги Марказий ҳамда ҳар бир вилоят ҳудудида алоҳида Тиббиёт бўлимлари ва поликлиникалари, шунингдек, 9 та госпиталь ва 1 та санаторий фаолият юритмоқда.

Жорий йил якунига қадар Сирдарё ва Қашқадарё вилоятлари Ички ишлар бошқармаларининг Тиббиёт бўлимлари таркибида ҳам алоҳида госпиталлар ишга туширилиши режалаштирилган.

Ҳозирги кунда вазирлик тиббий муассасаларида ички ишлар органлари ходимлари билан бир қаторда, ишчи ва хизматчилар, фахрийлар ва ходимларнинг оила аъзоларига ҳам сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани сизларнинг машаққатли меҳнатларингиз кўламини англатади, албатта.

Сизларнинг тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз, олиб борилган тиббий профилактик тадбирлар натижасида ички ишлар органлари ходимларининг турли касалликларга чалиниши ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада камайишига эришилди.

Қадрли тиббиёт ходимлари!

Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган кўп сонли ходимларимизнинг Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифаларни тўлақонли амалга оширишларида Сиздек жонкуяр ва фидойи шифокорларимизнинг ўрни беқиёсдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ушбу қутлуғ айём билан яна бир бор табриклаб, масъулиятли ва шарафли ишларингизда улкан зафарлар тилайман.

Вазир генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага