Тингловчилар билан “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди
Ёшларнинг ҳар томонлама билимли, етук шахс бўлиб етишиши мамлакатнинг бугунги куни ва эртаси ривожининг замини бўлиб хизмат қилади. Бу борада Республикамизда ёшларнинг таълим олишлари, ўз истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун барча шароитлар яратилиб, ёшлар ишлари масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарининг 2022 йил 10 октябрь кунидаги “Ички ишлар органларида 21 октябрь – Ўзбек тили байрам куни муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида байрам тадбирларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан тингловчилар орасида билим олиш, китобхонлик, заковатни кенг тарғиб қилиш, шунингдек машғулотлардан сўнг тингловчиларнинг бўш вақтларини мароқли ташкил этиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Шу муносабат билан Вазирлик Касбий тайёргарлик бошқармаси Ўқув-дала марказида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг Ички ишлар органларига офицерлик ҳамда сафдорлик лавозимларига қабул қилинган бошланғич касбий тайёргарлик ўқув-йиғини тингловчилари билан соҳавий йўналишлар доирасида жамоаларга ажратилган ҳолда “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Бу эса уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашда қўл келмоқда.
Тадбирни ИИВ Малака ошириш институти ўқув-йиғини бошлиғи, подполковник А.М.Абжалов кириш сўзи билан очиб бериб, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда тадбир меҳмонлари Институт бошлиғи ўринбосари, полковник Б.А.Улуғбеков, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректор стипендиати ҳамда “Ёш туризм элчилар Кенгаши” раисининг биринчи ўринбосари Ш.Ф.Қўчқоровларни таништириб ўтди.
“Заковат” интеллектуал ўйинида “Эрудит”, “Турон”, “Офицерлар”, “Қалқон”, “Ватанпарвар” ҳамда “Юксалиш” жамоалари ўзаро куч синашдилар.
Муросасиз кечган билимлар беллашувида 3-ўринни Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати йўналиши тингловчиларидан ташкил топган “Турон” жамоаси 3-даражали диплом, 2-ўринни Пост-патруль хизмати йўналиши тингловчиларидан ташкил топган “Эрудит” жамоаси 2- даражали диплом, Институтнинг “Кўчма кубоги” ҳамда мутлоқ ғолибликни Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналиши тингловчиларидан ташкил топган “Қалқон” жамоаси эгаллаб, “Заковат кубоги” ва 1-даражали дипломга лойиқ, деб топилди.
Тадбир юқори кайфиятда куй-қўшиқ ҳамда ўқув-йиғини “Бадиий ҳаваскорлар тўгараги” фаоллари томонидан саҳналаштирилган саҳна кўринишлари билан якун топди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати