15 сентябрь 2021 6205

Тошкент шаҳрида «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 10 нафар «Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар ўтказилди.

Ушбу аниқланган «таҳрирчилар»нинг барчаси муқаддам мазкур ташкилот сафида содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққан шахслар ҳисобланадилар. Улар Интернет тармоғи орқали хорижда яшириниб келаётган «Хизб ут-Таҳрир» ДЭТ аъзолари билан алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва тарафдорлари сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар.

Мазкур шахсларнинг яшаш манзиллари ва уяли алоқа воситаларида «Хизб ут-Таҳрир» ДЭТга тегишли бўлган адабиётлар ва материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.

Ҳозирда уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида, тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Ички Ишлар вазирлиги Сизларни огоҳлантиради.

«Хизб ут-Таҳрир» диний экстремистик ташкилоти сафида фаолият олиб бориш, ғояларини қўллаб-қувватлаш, материалларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Ўзингизни ва фарзандларингизни экстремистик оқим ва террористик ташкилотлар сафига қўшилиб қолишдан асранг!

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси

© 2006-2023. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган
Сайт материалларидан фойдаланилганда www.iiv.uz сайти кўрсатилиши шарт
Cайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг
Тепага