Тошкент вилоятида одам савдоси билан боғлиқ навбатдаги ҳолатга чек қўйилиб, аёлларни Туркияга жўнатилишининг олди олинди
Тошкент вилояти ИИББ Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бўлими ва Бўка тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан навбатдаги одам савдоси билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.
Жорий йилнинг 13 май куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Бўка шаҳрида яшовчи эр-хотин 1989 й.т. Зокир ва 1995 й.т. Комила (тўрт нафар фарзанди бор, исм шарифлар ўзгартирилган) исмли шахслар олдиндан жиноий тил бириктириб, Тошкент вилоятида яшовчи моддий жиҳатдан қийналган аёлларга, хусусан 1999 й.т. Мадина ва 1994 й.т. Мухлисаларга Туркияда мўмай даромад тўланадиган иш топиб беришини, ёрдам сифатида йўл харажатларини ўз ҳисобидан қоплаб беришларини ваъда қиладилар.
Дастлабки суруштирувлар давомида уларнинг мақсади аёлларни Туркия давлатига фоҳишалик учун юбориш эканлиги, Зокирнинг турмуш ўртоғи Комила 2021 йил апрель ойида эри билан олдиндан келишган ҳолда Туркия давлатига жўнаб кетганлиги ва турмуш ўртоғи олиб бориши керак бўлган аёлларни кутиб олиши режалаштирилгани аниқланди.
Зокир, аёлларни И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан "Тошкент-Истанбул" авиарейси орқали Туркияга олиб кетаётган вақтида вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25, 135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати